21.09.2026
Ҳисоб палатаси ходимлари ва Давлат аудити олий мактаби талабаларининг илк учрашуви бўлиб ўтди
2026 йил 15 сентябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети Давлат аудити олий мактабида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ходимларининг «Давлат аудити» йўналиши талабалари билан биринчи учрашуви ташкил этилди. Учрашув Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги ПФ‑252‑сон Фармони асосида ташкил этилган Олий мактабда соҳа амалиётчилари ва бўлажак давлат аудиторлари ўртасида бевосита мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида ўтказилди.
Тадбир бошланишида Давлат аудити олий мактаби директори Б.Ш. Мирзоев Ҳисоб палатасидан ташриф буюрган масъуллар ва мазкур учрашувнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Асосий тақдимотлардан аввал иштирокчиларга Ҳисоб палатаси фаолияти ҳақида 5 дақиқалик видеоролик намойиш этилди.
Дастлаб сўзга чиққан Ҳисоб палатасининг Тадқиқот, эксперт-таҳлил ва ўқув маркази бош инспектори Касимов Тохир Равшанович «Янги авлод давлат аудиторлари: ишонч, шаффофлик, масъулият» мавзусидаги тақдимотида Олий мактабнинг ташкил топиш йўлини босқичма‑босқич ёритиб берди.
Хусусан, 2025 йил апрель ойида Хитой Халқ Республикаси Миллий аудит идораси Бош аудиторининг Тошкентга ташрифи ва меморандум имзоланиши, сентябрь ойида Пекинда уч йиллик амалий ҳаракатлар режасининг келишилиши, Нанкин аудит университети, Ҳисоб палатаси ва ТДИУ ўртасида учта меморандум имзоланиши ҳамда ПФ‑252‑сон Фармоннинг 12‑банди билан 2026/2027 ўқув йилидан Давлат аудити олий мактабининг ташкил этилиши ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, Олий мактабнинг бугунги ҳолати, йўналишнинг алоҳида қабул тартиби, Нанкин аудит университети билан «3+1» қўшма икки диплом дастури, юқори ўзлаштириш кўрсаткичи (GPA 4,0 ва ундан юқори) ва халқаро сертификатга эга битирувчиларга амалиётчи ички аудитор сертификатининг имтиҳонсиз расмийлаштирилиши, давлат аудитини сунъий интеллект асосида рақамли трансформация қилиш вазифалари тушунтирилди.
Маърузачи талабалар ушбу йўналишнинг биринчи авлоди эканини ва Олий мактабнинг келгусидаги обрўси айнан уларнинг билими ва масъулиятига боғлиқлигини алоҳида таъкидлади.
Ҳисоб палатасининг Давлат молиявий назорати органлари ва ички аудит хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ташқи аудит методологияси шўъбаси мудири Эримметов Қудрат Баходирович «Давлат аудити: моҳияти ва роли, ривожланиши» мавзусидаги маърузасида давлат аудитининг шаклланиш тарихи, жумладан 1807 йилда Францияда Ҳисоб судининг, 1921 йилда АҚШда Бош ҳисоб палатасининг ташкил этилиши каби муҳим босқичлар ҳақида сўзлади.
Шунингдек, ИНТОСАИнинг Лима декларацияси асосида давлат аудитининг моҳияти, унинг асосий назариялари, молиявий, мувофиқлик ва самарадорлик аудитлари ҳамда тежамкорлик, самарадорлик ва натижадорликни англатувчи «3E» тамойили очиб берилди.
Талабаларга «дарсдаги аудит» билан «амалиётдаги аудит» ўртасидаги фарқ, давлат аудиторига хос ҳалоллик, мустақиллик, холислик, танқидий фикрлаш ва махфийлик каби сифатлар ҳамда талабалардан кутилаётган юқори ўзлаштириш, рақамли кўникмалар ва хорижий тилни пухта билиш талаблари баён этилди.
Кейинги «Ҳисоб палатаси вазифалари ва фаолияти принциплари» мавзусидаги ақдимотда Ҳисоб палатасининг Аудит сифати назорати ва таҳлил шўъбаси мудири Иватов Захиддин Фархадович Ҳисоб палатасининг 2002 йилда 9 нафар ходим билан ташкил этилганидан бугунги кунга қадар босиб ўтган ривожланиш босқичларини, «Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги Қонун билан мустаҳкамланган ҳуқуқий мақомини ҳамда ИНТОСАИ, АЗОСАИ ва ЭКОСАИ ташкилотларига аъзолигини ёритиб берди.
Маърузада бюджет лойиҳаси экспертизаси, давлат харидлари назорати, бюджет харажатлари аудити ва ижро назорати каби асосий вазифалар, ваколат ва ҳуқуқлар, шунингдек қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик ва шаффофлик принциплари тушунтирилди. Жаҳон банкининг «Давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик» баҳолашида Ҳисоб палатасининг «Ташқи аудит» индикатори бўйича рейтинги 2018 йилдаги C+ даражасидан 2024 йилда B+ даражасига кўтарилгани алоҳида қайд этилди.
Тадбир якунида Ҳисоб палатаси масъуллари ва талабалар ўртасида жуда қизғин савол‑жавоблар бўлиб ўтди ва унда талабаларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди. Асосийси, учрашув натижасида талабаларда «Давлат аудитори ким?» деган саволга батафсил таасуротлар шаклланди.
Ушбу тадбир талабаларнинг 2026/2027 ўқув йилидан бошланган таҳсилга бўлган иштиёқини оширишга ҳамда танлаган касбини пухта эгаллаб, соҳанинг малакали мутахассиси бўлиб етишишига ижобий таъсир кўрсатади ва бундай мулоқотлар доимий тарзда давом эттирилиб борилади.
Бошқа янгиликлар
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_a7a07a236ea92771e679466a.jpg)
Сув хўжалиги вазирлигида рақамлаштириш ишлари бўйича муҳокамалар
3822
01.09.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_c1ce03e8935b911b87aa61ec.jpg)
Ўзбекистон Президенти дунё мамлакатларини ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шерикликка чақирди
2756
23.09.2025
Халқаро конференция иштирокчилари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар
978
24.05.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_f239a1b33271ea5dc8d67321.jpeg)
Наманганни иқтисодий ва инфратузилмавий ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
579
24.06.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_e982de687472fc803edf05cc.jpg)
2026 ЙИЛ МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТЛАРИНИ МУҲОКАМА ҚИЛИШДА ҲИСОБ ПАЛАТАСИ ХУЛОСАЛАРИ ТАҚДИМ ҚИЛИНМОҚДА
2408
28.12.2025