Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

13.05.2025

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси ҳамда Ҳисоб палатаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.

Мазкур меморандум парламент фаолияти билан давлат ташқи аудити ва молиявий назоратини янада самарали уйғунлаштириш, қонун ижодкорлиги жараёнида Ҳисоб палатасининг эксперт салоҳиятидан кенг фойдаланиш ҳамда парламент назорати механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.


Ҳужжатга мувофиқ, томонлар бюджет, солиқ, божхона ва давлат молияси соҳаларидаги қонунчиликни такомиллаштириш, қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва муҳокама қилиш жараёнларида яқин ҳамкорлик қилади. Шунингдек, Ҳисоб палатасининг юқори малакали мутахассисларини қонун лойиҳаларини кўриб чиқишга жалб этиш, қўшма ишчи гуруҳлар ташкил этиш ҳамда қонунларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назорати тадбирларида ҳамкорлик қилиш назарда тутилган.


Меморандум доирасида томонлар қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиради:


бюджет ва иқтисодий масалалар бўйича қонун ижодкорлиги жараёнини илмий-амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;


давлат молиявий назорати ва ташқи аудит соҳасидаги илғор халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш;


парламент назорати самарадорлигини оширишга қаратилган таҳлиллар ва таклифларни биргаликда ишлаб чиқиш;


илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, услубий ва таҳлилий материаллар тайёрлаш;


соҳага оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича қўшма тадбирларни амалга ошириш.


Шу билан бирга, меморандум томонлар ўртасида мунтазам ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, ишчи учрашувлар ва маслаҳатлашувлар ўтказиш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқиш учун ҳуқуқий асос яратади.


Мазкур ҳамкорлик мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, давлат молияси шаффофлиги ва ҳисобдорлигини янада мустаҳкамлаш, парламент назоратининг таъсирчанлигини ошириш ҳамда давлат ташқи аудит тизимини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиши кутилмоқда.


Меморандум имзоланган кундан бошлаб кучга кирди ва томонларнинг ўзаро келишувига кўра узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

img-0
img-1img-2