Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

03.08.2026

Халқаро молия институтлари иштирокидаги автомобиль йўллари лойиҳаларининг амалга оширилиши таҳлил қилинди

Ўзбекистонда автомобиль йўллари соҳасини модернизация қилиш, ички автомобиль йўллари ўтказувчанлигини 50 фоизга ошириш, хизмат кўрсатиш муддатини 25 йилгача узайтириш, автотранспорт воситалари учун қулайликлар яратиш мақсадида халқаро молия институтлари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Шундан, ҳозирги кунда соҳада умумий қиймати 2,3 млрд долларлик 13 та йирик лойиҳалар ижроси давом этмоқда.


 Ҳисоб палатаси томонидан Осиё тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида амалга оширилаётган умумий қиймати 512 млн АҚШ долларига тенг икки йирик инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиш ҳолати, молиявий интизом, қурилиш ишларининг бориши ва шартнома мажбуриятларига риоя қилиниши аудити ўтказилди.


             Амалга оширилаётган 6 та лойиҳа бўйича 2022–2025 йилларда 246,3 млн доллар, 2026 йил январь–май ойларида эса 25,4 млн доллар инвестиция ўзлаштирилган.


Аудит жараёнида лойиҳаларни амалга оширишда айрим ташкилий ва ижро интизомига оид камчиликлар мавжудлиги қайд этилган. Жумладан:


- 644,9 млн долларлик 4 та лойиҳада молиялаштириш бошланган бўлсада, инвестицияларни ўзлаштириш ишлари бошланмаган;


- 28,5 млн долларлик 6 та шартномалар бўйича қурилиш ишлари тасдиқланган календарь графикларидан 12 ойга қадар ортда қолмоқда;


- 4 та қурилиш объектларида белгиланган муддатга нисбатан маблағларнинг атиги 7–45 фоизи ўзлаштирилган. Бу эса қурилиш ишларининг кечикиши ва лойиҳаларнинг белгиланган муддатларда якунланмаслик хавфини оширмоқда;


Бундан ташқари, айрим объектда лойиҳалаштириш ишларида камчиликларга йўл қўйилган. Жумладан:


- 10 та объектда ишчи лойиҳалар белгиланган муддатларда ишлаб чиқилмаган;


- 4 та шартнома бўйича 18 та объектда давлат экспертизаси хулосалари олинмаган;


- 1 та объект бўйича экспертиза якунланмасдан туриб айрим тўловлар  амалга оширилган ҳолатлар кузатилган.


Хусусан, “Сирдарё вилояти Мирзаобод ва Сирдарё туманларидаги қишлоқ автомобиль йўлларини цементо-бетон қопламага ўтказиш (25,4 км)” бўйича экспертиза ҳулосаси ўрганиш кунига қадар олинмаган.


Бу кабии ҳолатлар лойиҳаларни бошқариш тизимидаги ташкилий муаммоларни амалиётда сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.


Мазкур аудит халқаро молия институтлари маблағлари иштирокида амалга оширилаётган йирик инфратузилма лойиҳаларида бошқарув самарадорлигини янада ошириш, лойиҳаларни режалаштириш сифатини яхшилаш ҳамда қурилиш ишлари устидан таъсирчан назоратни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатди.


Аудит натижасида ишчи гуруҳ томонидан:


- инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш;


- маблағларни ўзлаштиришни ҳақиқий бажарилган ишлар билан мувофиқлаштириш;


- муҳандислик ва техник назорат сифатини ошириш;


- пудрат ташкилотларининг шартнома мажбуриятлари бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш;


- лойиҳа-смета ҳужжатларини ўз вақтида тайёрлаш ва экспертизадан ўтказиш ишларини кучайтириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.



Ҳисоб палатаси томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан Транспорт вазирлигига тегишли кўрсатмалар ҳамда тавсиялар киритилди.


Мазкур ҳолатлар юзасидан масъул ташкилотлар иштирокида танқидий муҳокама қилиниб, камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, қурилиш ишларини жадаллаштириш ва лойиҳаларни белгиланган муддатларда якунлашга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва ижроси бўйича мониторинг йўлга қўйилди.


img