08.12.2025
Рақамлаштириш орқали самарадорликка: Давлат корхоналарида янги босқич бошланди
Ўзбекистонда йирик давлат корхоналарини рақамлаштириш, харажатларни камайтириш ва самарадорликни ошириш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.

2025 йилнинг 27 октябрь куни Президент раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ушбу соҳада янги йўналишларни белгилаб берди.
Мазкур йиғилишда стратегик корхоналарда таннархни камайтириш, харажатларни қисқартириш, бошқарувда рақамли технологиялар улушини ошириш ҳамда 2026 йил учун бизнес-режаларни тубдан такомиллаштириш вазифалари белгилаб берилди.
Айнан шу вазифаларни амалий ижрога йўналтириш мақсадида 2025 йил 18 ноябрда “Давлат корхоналарида таннархни камайтириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-59-сонли фармойиш қабул қилинди.
У мазкур йўналишдаги ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб, рақамли бошқарув ва автоматлаштиришни амалга оширишда асосий дастурил-амал вазифасини ўтамоқда.
Фармойишга мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан 20 та стратегик йирик давлат корхоналарида рақамлаштиришга асосланган «Ягона ғазначилик» ва «Молиявий модель» ахборот тизимлари ишга туширилиши белгиланди.
Ушбу тизимлар харажатларни режалаштириш, харидлар ва ғазначилик тўловларини марказлашган тарзда назорат қилиш, бизнес-режалар ижросини мониторинг қилиш имконини беради.
“Ўзкимёсаноат” АЖ тажрибаси – рақамлаштириш амалиётидаги пилот майдон.
Давлат раҳбарининг 2025 йил 6 февралдаги топшириғига мувофиқ Ҳисоб палатаси бошчилигида “Ўзкимёсаноат” АЖда “Автоматлаштирилган ахборот-таҳлил марказ” фаолияти йўлга қўйилган.
Шу боисдан, “Автоматлаштирилган ахборот-таҳлил марказ”да 20 та стратегик йирик давлат корхоналар вакиллари учун рақамлаштиришнинг молиявий-хўжалик самарадорлиги бўйича тақдимот ташкил этилди.
Иштирокчиларга “Автоматлаштирилган ахборот-таҳлил марказ”даги “Ягона рақамли платформа”, “Ягона ғазначилик”, “Менинг омборим” ва “Молиявий модель” каби ахборот тизимларининг имкониятлари намойиш қилинди.
Корхоналарга ушбу тизимларнинг ишлаб чиқариш жараёнига интеграцияси, онлайн мониторинг, ҳисоб-китобларни автоматлаштириш ва харидлар шаффофлигини таъминлашдаги афзалликлари батафсил тушунтириб берилди.
Тадбир интерактив форматда ўтди.
Унда стратегик йирик корхоналар раҳбарларининг иқтисод бўйича ўринбосарлари, ҳисобхона, ғазначилик ва IT бўлимлари ходимларидан иборат 80 га яқин мутахассис иштирок этди.
Мавжуд муаммолар, рақамлаштириш жараёнида юзага келаётган техник ва ташкилий масалалар батафсил муҳокама қилинди.
Ҳисоб палатаси томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб, корхоналарга аниқ амалий тавсиялар ва йўл-йўриқлар берилди.
Мазкур жараён рақамли бошқарув моделини мамлакат миқёсида босқичма-босқич амалиётга жорий этишга хизмат қилади.


Бошқа янгиликлар
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_0161eda03a9ac89d4dddf55e.jpg)
Ўзбекистон Президенти барқарор ривожланишни таъминлаш учун тинчлик ва ишончни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади
2607
11.12.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_803e686b67c15fd40f124d27.jpg)
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолияти аудити якунлари
1355
25.03.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_550c54469e351ab22bfbb2c9.jpg)
Авиация бозорида устун мавқега эга бўлган авиакомпаниялар фаолияти аудити
1360
06.04.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_3406ac2ed61ac5f940eacfb5.jpg)
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида бюджет маблағларининг самарали ишлатилиши устидан мониторинг
2492
04.07.2025
Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан мақсадли индикаторлар бажарилишини ўрганиш натижалари
1625
15.04.2026