15.11.2025
Ўзбекистон Президенти янги форматдаги минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.

Саммитда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, шунингдек, БМТнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари К. Имнадзе иштирок этди.
Унда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда устувор соҳаларда қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Саммит аввалида давлатимиз раҳбари Озарбайжон Маслаҳат учрашувлари форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилганини мамнуният билан эълон қилди.
– Моҳиятан биз Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида мустаҳкам кўприк барпо этмоқдамиз, ҳамкорликнинг ягона маконини шакллантиришга йўл очмоқдамиз. Бу икки минтақанинг стратегик боғлиқлиги ва барқарорлигини кучайтириши шубҳасиз, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Сўнг Ўзбекистон етакчиси кейинги йилларда минтақада амалга оширилаётган интеграция жараёнларини қисқача таҳлил қилди.
Ҳудудий масалалар узил-кесил ҳал этилди, чегара пунктлари очилди, сув-энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилди, транспорт алоқалари қайта тикланди, фаол савдо-инвестициявий ва гуманитар алоқалар учун қулай шароитлар яратилди.
Минтақа жаҳон иқтисодиётига фаол интеграциялашмоқда: инвестициявий жозибадорлик ошмоқда, учинчи бозорларга экспорт қилиш имкониятлари кенгаймоқда, транзит салоҳияти ўсмоқда. Ўтган йили минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 10,7 миллиард долларга етди, Марказий Осиёга киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 17 фоизга кўпайди.
Минтақанинг халқаро муносабатлар субъекти сифатидаги мавқеи мустаҳкамланиб, глобал масалалардаги роли ортиб бормоқда, “Марказий Осиё плюс” форматидаги муносабатлар кучаймоқда, минтақа нуфузли халқаро майдонларда ягона позиция билан майдонга чиқмоқда.
Давлатимиз раҳбари минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.
Аввало, бугунги учрашувларни минтақавий мулоқотнинг маслаҳатлашув шаклидан “Марказий Осиё ҳамжамияти” стратегик форматига айлантириш таклиф қилинди. Маслаҳат учрашувлари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш, навбатма-навбат ишлайдиган Котибиятни таъсис этиш, миллий мувофиқлаштирувчилар мақомини Президентларнинг махсус вакиллари даражасига кўтариш бу борадаги дастлабки қадамлар бўлиши мумкинлиги таъкидланди.
Шунингдек, Президентимиз бой ҳаётий тажрибага эга, обрў-эътиборли жамоат арбобларидан иборат Оқсоқоллар кенгашини тузиш ташаббусини илгари сурди, бу авлодлар ўртасидаги боғлиқликни, шунингдек, умумминтақавий ҳамжиҳатлик ва ўзига хосликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, минтақада ягона инвестиция муҳитини шакллантириш учун Умумий инвестиция макони тўғрисидаги декларацияни қабул қилиш зарурлиги қайд этилди.
Минтақанинг юқори технологик инфратузилмаси ва транспорт-логистика салоҳиятини биргаликда ривожлантириш минтақа келажаги учун муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.



Бошқа янгиликлар
Қозоғистон Республикаси Олий аудит палатаси делегацияси Ҳисоб палатасига ташриф буюрди
174
04.03.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_ee962a7c2d66d5f7c92315c1.png)
Ҳисоб палатаси ва ACCA ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
1442
14.10.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_402babd323ce71f3d26c3149.jpg)
Давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш Стратегиясининг ижроси
1534
19.09.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_5c291a994950d6d476c1c625.jpg)
Президент Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди
1013
19.06.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_de1975c2b06cad015982fdfa.png)
Янги боб бошланди: Ўзбекистон Ҳисоб палатаси ГСАИ Ташаббусига қўшилди.
3130
15.06.2025