Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

15.04.2026

Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан мақсадли индикаторлар бажарилишини ўрганиш натижалари

Ҳисоб палатаси томонидан 2025 йилда вазирлик ва идораларнинг бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ мақсадли индикаторлари ижроси ўрганилди.

Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи бўлган 44 та вазирлик ва идоралар бўйича 152 та ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун 162,3 трлн сўм режалаштирилган.


Ўрганишда дастурлар доирасида белгиланган 715 та мақсадли индикаторлардан 573 тасини (80%) тўлиқ ва 99 тасини (14%) қисман бажарилгани ҳамда 43 тасини (6%) бажарилмаганлиги маълум бўлди.


Мақсадли индикаторларнинг ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилган бўлсада, ўрганишда бир қанча тизимли камчиликлар мавжуд эканлиги аниқланди. Жумладан:


– Индикаторларни белгилашда ягона ёндашув жорий этилмаган.


Хусусан, 25 та (57%) вазирлик ва идорада мақсадли индикаторлар бевосита ривожлантириш дастурлари асосида шакллантирилган бўлса, қолган 19 тасида (43%) бюджетдан сақлаш харажатлари доирасида белгиланган.


Мисол учун, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасида 6 та ривожлантириш дастурлари асосида, Рақобат қўмитасида эса жорий сақлаш харажатлари доирасида кўрсаткичлар белгиланган.


Шунингдек, жорий харажатларга индикатор кўрсаткичларни белгилашда соҳа олдига қўйилган вазифалар инобатга олинмаган.


Масалан, 2025 йилда Ўзбекистон Глобал инновацион индексида 62-ўринга олиб чиқиш режа қилинган бўлса (ПФ-165 06.07.2022 й), амалда 79-ўринни қайд этган. Ушбу кўрсаткич Инновация агентлиги учун индикатор қилиб белгиланмаган.


– Мақсадли индикаторлар асосан ҳажм ва миқдорга йўналтирилган. Хусусан:


1. Индикаторларнинг асосий қисми натижавий кўрсаткичлар бўлмаган (outcome) жараённи ифодаловчи кўрсаткичларга (output) йўналтирилгани реал иқтисодий самарадорликни тўлиқ баҳолаш имконини чеклаб қўйган.


Ишлаб чиқилган ахборот тизимлари сони”, “Ўтказилган тадбирлар сони” каби индикаторлар фақат бажарилган иш ҳажмини кўрсатиб, улар самара бердими, харажатлар камайдими, вақт тежалдими каби саволларга жавоб бермайди.

2. Вазирлик ва идораларнинг асосий функция ва вазифалари мақсадли индикаторлар билан қамраб олинмаган.


3. Амалдаги индикаторлар тизими айрим ҳолларда реал иқтисодий натижаларни акс эттирмасдан, асосан ҳисобот учун хизмат қилувчи формал кўрсаткичлардан иборат бўлиб қолган.


Жумладан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бўйича формал бажариш учун белгиланган “Пенсионерлар сони”, “Тадбирлар сони”, “Ўқув курслари сони” каби мақсадли индикаторлар.


4. Вазирлик ва идоралар ваколатларига бевосита боғлиқ бўлмаган кўрсаткичлар бўйича индикаторлар белгиланган.


Бадиий академияга буюк аллома ва давлат арбобларининг Ўзбекистон

ва бошқа республикаларда 34 та ҳайкалини ўрнатиш бўйича белгиланган индикатор унинг ваколатига кирмайдиган омилларга боғлиқлиги сабабли ижроси таъминланмаган.


5. Тўғридан-тўғри таъсири бўлмасдан табиий равишда шаклланадиган кўрсаткичлар индикатор сифатида белгиланган.


Мисол учун, Телерадиокомпания бўйича табиий ҳолда ижро бўладиган телекўрсатув ва радиоэшиттиришларнинг йиллик ҳажми белгиланган.


Халқаро амалиётда “ижтимоий таъсир”, “аудиториянинг қизиқиши”, “контент сифати” ҳамда бюджетдан ташқари даромадлар ҳажмини ошириш орқали умумий харажатдаги бюджет маблағлари улушини камайтириб бориш каби индикаторлар қўлланилади.


Ўтказилган ўрганиш жараёнида халқаро тажриба таҳлил қилинди ҳамда амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини тўлиқ ва холис баҳолаш учун амалдаги миқдорий индикаторларга қўшимча равишда сифат, натижавийлик ва таъсирни баҳоловчи кўрсаткичларни жорий этиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.


Жумладан, Иқтисодиёт ва молия, Олий таълим, фан ва инновациялар, Соғлиқни сақлаш, Ташқи ишлар вазирликлари ҳамда ва бошқа вазирлик идораларга:


- белгиланган айрим кўрсаткичларни амалдаги институционал ўзгаришлар ва янги бошқарув механизмларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш ҳамда функционал номувофиқликларни бартараф этиш;


- молиявий ресурслар ва индикаторлар ўртасидаги ўзаро мутаносибликни таъминлаш;


- индикаторларни белгилашда самарадорлик ва натижадорликни ифода этувчи индикаторларга алохида эътибор қаратиш, уларнинг амалий таъсирини ошириш лозимлиги. Бунда иқтисодий қайтим (ROI), харажат самараси, фойдаланувчилар қониқиши каби кўрсаткичларни киритиш;


- индикаторлар тизимини қайта кўриб чиқиш, бунда outcome ва impact даражасидаги кўрсаткичлар улушини ошириш, ҳар бир индикаторни натижа ва таъсирга боғлаш;


- ваколатлар доирасидаги индикаторларни шакллантириш, яъни фақат бевосита таъсир кўрсатадиган кўрсаткичларни қолдириб, макроиқтисодий кўрсаткичларни баҳолашда қўшимча (indirect) индикатор сифатида қўллаш;


- асосий (core) индикаторлар рўйхатини шакллантириш, бир бирини такрорловчи индикаторларни оптималлаштириш;


- халқаро таққослаш (benchmarking) имкониятларини кенгайтириш юзасидан тавсиялар берилди.


Мисол учун, Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун болаларни иммунизация қилиш бўйича асосий индикаторлар сифатида эмланганлар сони ва қамров даражаси белгиланган. Лекин, иммунизация тадбирларининг самарадорлигини баҳолайдиган вакцинация натижасида олди олинадиган касалликлар кўрсаткичларининг камайиши ёки эпидемиологик вазиятнинг яхшиланишини акс эттирувчи натижавий индикаторлар назарда тутилмаган.


Халқаро тажриба (АҚШ, Буюк Британия, Япония ва ОЭСР давлатлари) шуни кўрсатадики, онкология хизматлари самарадорлигини баҳолашда 1 йиллик ва 5 йиллик омон қолиш (survival) кўрсаткичлари, саратонни эрта босқичда аниқлаш улуши (screening ва эрта диагностика қамрови), саратондан ўлим (mortality) даражасининг пасайиши, аҳоли ўртасида мақсадли скрининг дастурлари билан қамров даражаси (масалан кўкрак, бачадон бўйни ва йўғон ичак саратони) каби натижавий индикаторлар асосий мезон сифатида қўлланилади.


Шунингдек, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига чиқиндилар бўйича бошқариш тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш ҳамда хорижий тажриба асосида Ўзбекистоннинг экология соҳасидаги халқаро рейтинглардаги ўрни ва уларни яхшилаш бўйича кўрсаткичларни ифодалайдиган индикаторлар ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар берилди.


Мисол учун, халқаро стандартларга мос автоматлаштирилган ҳаво сифати мониторинг станциялари билан қамраб олинган аҳоли пунктлари улуши, атмосферага чиқариб ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини камайтириш каби халқаро индексларга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи омиллар шулар жумласидандир.


Бундан ташқари, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига мақсадли индикаторлар сифатини халқаро талаблар (IMF, Жаҳон банки, OECD) асосида “SMART – Specific - аниқлик, Measurable - ўлчанувчанлик, Achievable - эришиш мумкинлиги, Relevant - мақсадга мослик, Time-bound - муддатга асосланганлик” мезонлари асосида баҳолаш тавсия этилди.


Миллий антидопинг агентлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ва Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига ички аудит хизмати фаолиятини йўлга қўйиш лозимлиги қайд этиб ўтилди.


Юқоридагилар кўра, Ҳисоб палатаси томонидан ўрганиш натижаларини вазирлик ва идораларда муҳокама қилиб зарур чора тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда индикатор кўрсаткичларини бажаришда масъулиятсизликка йўл қўйиш ҳолатлари юзасидан таъсирчан чоралар кўриш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.


img