Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

29.12.2025

ҲИСОБ ПАЛАТАСИДА ЙИЛ ЯКУНЛАРИ САРҲИСОБ ҚИЛИНИБ, КЕЛГУСИ ДАВР УСТУВОР ВАЗИФАЛАРИ БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасида жорий йил якунлари ҳамда келгуси даврда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Йиғилишда ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва тизимдаги ислоҳотларнинг янги босқичи юзасидан атрофлича тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, ўтган йил давомида Ҳисоб палатаси фаолиятида туб сифат ўзгаришлари амалга оширилди. Давлат аудити соҳасида халқаро стандартларга асосланган ёндашув жорий этилди, молиявий назоратнинг таҳлилий ва баҳоловчи механизми янада мустаҳкамланди. Натижада, давлат маблағларидан самарали фойдаланиш, бюджет интизомини кучайтириш ҳамда хавфларни олдиндан аниқлашга қаратилган ишлар изчил йўлга қўйилди.


Йил давомида ўтказилган аудит тадбирлари орқали харажатларни мақбуллаштириш, ноқонуний сарф-харажатларнинг олдини олиш, қўшимча даромад манбаларини аниқлаш ҳамда давлат харидлари соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича салмоқли натижаларга эришилди. Аудит хулосалари асосида давлат бошқаруви органларига таҳлилий материаллар, кўрсатмалар ва таклифлар киритилиб, улар асосида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди.


Шунингдек, йирик инвестиция лойиҳалари илк бор халқаро аудит стандартлари асосида баҳоланди. Айрим соҳаларда молиявий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини мониторинг қилишга қаратилган замонавий ахборот-таҳлил тизимлари ишга туширилди. Ҳудудларда аҳоли муаммоларини ҳал этиш, бандликни таъминлаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича амалий чоралар кўрилди.


Халқаро ҳамкорлик йўналишида ҳам фаол ишлар амалга оширилди. Қатор хорижий давлатларнинг олий аудит органлари билан ўзаро тажриба алмашинуви йўлга қўйилди, қўшма тадбирлар ва учрашувлар ўтказилди. Ҳисоб палатаси ходимларининг хорижий давлатларда малака ошириши ва халқаро таълим дастурларида иштирок этиши таъминланди. Шунингдек, мамлакатимиз делегацияси халқаро аудит ташкилотларининг нуфузли анжуманларида илк бор фаол иштирок этди.


Рақамлаштириш йўналишида ахборот хавфсизлиги сиёсати қабул қилиниб, катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишлашга қаратилган халқаро ташаббусларга қўшилинди. Масофавий назорат механизмлари, сунъий интеллект элементларига асосланган таҳлил воситалари ҳамда давлат молиявий назорати самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи ахборот тизимлари жорий этилди.


Йиғилишда келгуси йилни рақамли трансформация ва сунъий интеллект технологияларини чуқур жорий этишга бағишлаш таклиф этилди. Шу мақсадда давлат аудитини ташкил этиш, молиявий назоратни кучайтириш, хавфларни автоматик аниқлаш, инвестиция ва бюджет жараёнларини таҳлил қилиш, шунингдек, идоралараро ахборот алмашувини такомиллаштиришга қаратилган қатор устувор вазифалар белгиланди.


Шу билан бирга, давлат дастурлари ва лойиҳалар ижросини мониторинг қилиш, субсидиялар самарадорлигини баҳолаш, яширин иқтисодиёт омилларини таҳлил қилиш, стратегик корхоналар фаолияти устидан назоратни кучайтириш каби йўналишлар келгуси даврнинг муҳим вазифалари сифатида қайд этилди.


Йиғилиш якунида жамоанинг фидокорона меҳнати алоҳида эътироф этилди. Самарали ишлаган ходимлар рағбатлантирилиб, барча ходимларга ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилгани таъкидланди.


Ҳисоб палатаси жамоаси олдида турган вазифаларни биргаликда, масъулият ва ташаббускорлик билан амалга ошириш орқали келгуси йилда ҳам давлат молиявий назорати тизимини янги босқичга олиб чиқишга қатъий ишонч билдирилди.

img-0
img-1