17.09.2026
Ўзбекистон ва Словакия Олий аудит органлари ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда
2026 йил 16 сентябрь куни Словениянинг Блед шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев ва Словакия Республикаси Олий аудит органи раҳбари Любомир Андраши ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Словакия Олий аудит органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, давлат аудити соҳасида илғор тажрибаларни ўрганиш, аудит методологиясини такомиллаштириш, институционал салоҳиятни ошириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув “Вишеград 4+2” формати доирасида Олий аудит органлари раҳбарларининг мулоқоти давомида ташкил этилди. Томонлар давлат маблағларидан самарали фойдаланиш, жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш, коррупция хавфларини камайтириш ва давлат институтларининг самарадорлигини таъминлаш Олий аудит органлари олдида турган умумий вазифалар эканини таъкидладилар.
М. Абдуллаев сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Словакия ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий муносабатлар янги босқичга кўтарилганини қайд этди. Бу жараёнда икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларининг ўрнатилиши муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Мулоқотда Словакия Олий аудит органининг давлат аудити соҳасидаги тажрибасига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, сув таъминоти инфратузилмаси бўйича аудитлар доирасида инфратузилманинг ҳолати, уни янгилаш суръатлари, барқарор бошқарув ва келгусидаги инвестиция эҳтиёжларининг комплекс таҳлил қилиниши қайд этилди. Мазкур ёндашув Ўзбекистон учун ҳам долзарб экани ва Словакия тажрибасини ўрганиш амалий аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Шунингдек, илм-фан, тадқиқот ва инновацияларга ажратилаётган маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги бўйича Словакия Олий аудит органи томонидан ўтказилган аудитлар муҳокама қилинди. Ресурсларнинг ўзлаштирилиши билан бир қаторда бошқарув механизмлари, маблағлардан самарали фойдаланиш ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ рискларни баҳолашга қаратилган ёндашувлар Ўзбекистон Ҳисоб палатаси учун ҳам қизиқиш уйғотиши қайд этилди.
Давлат корхоналари ва давлат активларидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш, бошқарув сифати ҳамда инвестиция лойиҳаларининг натижадорлигини аудит қилиш масалаларида ҳам тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар Олий аудит органининг профессионал салоҳияти билан бир қаторда институционал мустақиллиги, аудит хулосаларининг далиллар, методология ва профессионал холисликка асосланиши муҳимлигини қайд этдилар.
Шу нуқтаи назардан, Словакия Олий аудит органининг институционал мустақиллик, давлат маблағларидан фойдаланиш, давлат ёрдами, рақобат муҳити ва коррупция хавфларини баҳолаш соҳаларидаги тажрибасини ўрганиш Ўзбекистон Ҳисоб палатаси учун муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланди.
Мулоқотда Ўзбекистонда рақамли аудит тизими орқали рискларни олдиндан аниқлаш ва маблағларнинг самарасиз сарфланишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Словакия тажрибаси билан Ҳисоб палатасининг “Масофавий аудит” тизими ўртасида тажриба алмашиш учун имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Учрашув якунида икки Олий аудит органи ўртасидаги ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитишга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Хусусан, 2027 йилда аудит методологияси бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда Ҳисоб палатаси ходимларининг Братислава шаҳрида касбий малакасини ошириш режалаштирилди. Ўқув курслар сифат бошқаруви тизими, рискларни аниқлаш, сабаблар таҳлили ва аудит фаолиятининг долзарб масалаларини қамраб олади.
Шунингдек, Ҳисоб палатаси фаолиятини ташқи баҳолашдан — “peer review”дан ўтказиш бўйича ҳамкорлик қилиш белгиланди. 2027 йилда Словакиянинг ташқи баҳолаш методологиясини ўрганиш, баҳолаш қамрови ва муддатларини келишиш ҳамда Ҳисоб палатасининг ўзини ўзи баҳолаш натижаларини ташқи баҳолаш учун асос сифатида тайёрлаш кўзда тутилган.
Яна бир муҳим йўналиш — ЕВРОСАИ лойиҳаларида иштирок этиш ва Марказий Осиё Олий аудит органлари билан ЕВРОСАИ ўртасида “мулоқот кўприги” ташаббусини амалга оширишдир. 2027 йил давомида Словакиянинг ЕВРОСАИ раислиги доирасидаги лойиҳа ва тадбирларда иштирок этиш имкониятлари ўрганилади, шунингдек, Марказий Осиё Олий аудит органлари билан тажриба алмашишнинг янги форматлари таклиф этилади.
Томонлар Словакия Олий аудит органи раҳбарининг Ўзбекистонга расмий ташрифини ташкил этиш масаласини ҳам муҳокама қилдилар. Ташриф муддати дипломатик каналлар орқали келишилиши, ташриф дастури ҳамда имзоланиши режалаштирилаётган Англашув меморандуми лойиҳаси тайёрланиши кўзда тутилган.
Учрашувда, шунингдек, қўшма семинарлар, экспертлар алмашинуви, давлат корхоналари аудити, йирик инвестиция дастурлари аудити, сув ва экологик аудит йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.
Томонлар эришилган келишувларни амалий жиҳатдан таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ҳамда Словакия Республикаси Олий аудит органи ўртасидаги профессионал алоқаларни изчил кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.


Бошқа янгиликлар
Венгрия Олий аудит органи аудиторлари томонидан Ҳисоб палатаси учун вебинар ўтказилди
2627
11.12.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_402babd323ce71f3d26c3149.jpg)
Давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш Стратегиясининг ижроси
2343
19.09.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_3b32a000cc64b771c8aababd.jpeg)
БАЙРАМ ТАБРИГИ
930
19.03.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_7646c770d6c55a3040e97b35.jpg)
БАЙРАМ ТАБРИГИ
913
07.05.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_e10e72ac71b9d325de60e218.jpg)
Арманистонлик аудитор конференция мавзулари долзарблигини таъкидлади
562
24.05.2026