Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

14.09.2025

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси делегациясининг Нанкин аудит университетига ташрифи

Жорий йилнинг 6 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев бошчилигидаги делегациянинг Нанкин Аудит университетига ташрифи бўлиб ўтди. Бу Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раҳбариятининг Нанкин Аудит университетига илк ташрифи ҳисобланади.

Ушбу маросимда Хитой Миллий аудит бошқармаси Бош аудитори Хоу Каи, Нанкин Аудит университети партия қўмитаси котиби Донг Биронг ва Университет ректори Лу Хуалиан иштирок этди.


Ташриф доирасида икки мамлакат Олий аудит органлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда аудит ва техника соҳаларида долзарб илмий изланишлар учун техника фанлари доктори М. Абдуллаевга Нанкин Аудит университетининг “фахрий профессори” унвони топширилди.


Хоу Каи М. Абдуллаевни янги фахрий унвон тақдим этилгани билан самимий табриклади. Унинг сўзларига кўра, М. Абдуллаев томонидан амалга оширилган илмий изланиш ва амалий фаолият Ўзбекистонда давлат ташқи аудити соҳасини риовжлантиришга ҳисса қўшади.


Университет ректори Лу Хуалиан ушбу маросим Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ишончни чуқурлаштириш ва аудит соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим босқич эканлигига ишонч билдирди. У аудит соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва глобал бошқарувни илгари суришда ҳамкорлик қилишга умид билдирди.


Ўз навбатида, М. Абдуллаев икки давлат Олий аудит органлари ўртасидаги ҳамкорликни юқори баҳолаб, Нанкин Аудит университетининг “фахрий профессори” этиб тайинлангани улкан шараф эканлигини таъкидлади. Сўнг университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари олдида маъруза қилди.


Шу билан бирга, айни пайтда Ўзбекистон Ҳисоб палатасининг 2 нафар масъул ходими Нанкин аудит университетининг Аудит бўйича 2-йиллик магистратура дастури доирасида таҳсил олишни бошлагани айтилди.


Тадбир доирасида, шунингдек, М. Абдуллаев, Лу Хуалиан ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг биринчи проректори С. Меҳмонов иштирокида Нанкин Аудит университети, Ўзбекистон Ҳисоб палатаси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида уч томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.


Унга кўра, Томонлар қўшма академик тадбирлар ўтказиш, профессор-ўқитувчилар салоҳиятини ривожлантириш, талабалар алмашинуви ва ҳамкорликда илмий тадқиқотлар амалга ошириш бўйича келишувларга эришди.


Яна бир муҳим жиҳат. Нанкиндаги тадбир доирасида Бухоро давлат университети ва Нанкин аудит университети ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжатни Бухоро давлат университети Кузатув кенгаши раиси М. Абдуллаев имзолади.


Юқоридаги меморандумлар етук Ўзбекистон ва Хитой университетлари ўртасида давлат сектори аудити, минтақалараро тадқиқотлар ва кўплаб бошқа соҳаларда академик ва профессионал ҳамкорлик асосларини яратишга хизмат қилади.


Тадбир якунида Хоу Каи бир қатор юқори натижаларни намоён қилган талабаларга “Бош аудитор стипендиясини” тантанали топширди.

img-0
img-1img-2