Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

19.08.2026

Ўзбекистон Ҳисоб палатаси делегацияси Латвия Давлат аудит идорасига ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси биринчи ўринбосари М. Абдуллаев бошчилигидаги делегация Латвия Республикаси Давлат аудит идорасига ташриф буюриб, Бош аудитор Эдгарс Корчагинс билан учрашди.

Учрашувда икки мамлакат олий аудит органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, давлат аудити соҳасида илғор тажриба алмашиш, халқаро стандартларни амалиётга жорий этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.


Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Латвия Давлат аудит идораси ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда оддий тажриба алмашиш доирасидан чиқиб, ўзаро ишонч ва аниқ амалий натижаларга асосланган ҳамкорлик даражасига кўтарилди. Идоралар ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги келишув доирасида билим ва тажриба алмашиш, аудиторларнинг касбий салоҳиятини ошириш, семинар ва тренинглар ташкил этиш ҳамда замонавий аудит усулларини ўрганиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.


Учрашувда М. Абдуллаев Ўзбекистонда давлат молиявий назорати тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли трансформация жараёнлари ҳақида маълумот берди. Хусусан, давлат аудитида рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва катта ҳажмдаги маълумотлар таҳлилидан фойдаланиш, масофавий аудитни кенгайтириш ҳамда риск-таҳлил асосида назорат тадбирларини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.


Қайд этилганидек, бугун Ҳисоб палатаси фаолиятида анъанавий молиявий назорат билан бир қаторда мувофиқлик, самарадорлик ва IT-аудит йўналишлари ривожлантирилмоқда. Аудит жараёнларини рақамлаштириш орқали нафақат аниқланган камчиликларни бартараф этиш, балки уларнинг олдини олишга қаратилган профилактик назорат механизмлари кучайтирилмоқда.


Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, давлат бошқаруви ва давлат молиявий назорати тизимини модернизация қилиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган ўзгаришлар юқори баҳоланди. Мазкур жараёнларда замонавий ва самарали давлат аудити институтининг аҳамияти алоҳида қайд этилди.


Мулоқот давомида самарадорлик аудити, IT-аудит, сунъий интеллект ва Big Data йўналишларида ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олинди. Шунингдек, давлат инвестициялари, давлат харидлари, давлат корхоналари ва давлат дастурлари самарадорлигини баҳолаш, аудит тавсиялари ижросини мониторинг қилиш бўйича тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.


Ҳисоб палатаси шўъба мудири Н. Имонқулов давлат бюджети аудити ва назорати мавзусида презентация тақдим қилди. Унда Ҳисоб палатасининг бюджет соҳасидаги вазифалари, бюджет лойиҳаси экспертизаси, бюджет ижроси жараёни ва аудити, бюджет ижроси аудити хулосаси каби йўналишларда маълумот берилди.


Ҳисоб палатаси шўъба мудири З. Олимжонов халқаро молия институтлари иширокидаги лойиҳаларини ўрганиш ва ташқи қарз маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича шаффофликни таъминлашнинг асосий йўналишлари ҳақида тушунчалар берди.


Ўзбекистон ва Латвия Олий аудит органлари ўз ўзини баҳолаш амалий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида қайд этиб, ижтимоий аҳамиятга эга мавзуларда бундай аудитларни ташкил этиш имкониятларини ўрганишга келишиб олдилар.


Учрашувда, шунингдек, аудиторларнинг касбий малакасини ошириш, қўшма ўқув дастурлари ва тренингларни ташкил этиш ҳамда ёш аудиторлар ўртасида тажриба алмашишни кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.


img-0
img-1