05.07.2026
Давлат аудити тизимида сунъий интеллект ва рақамлаштиришни ривожлантиришга қаратилган Президент Фармони қабул қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат аудити фаолиятида сунъий интеллект ва рақамлаштиришни янада ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон давлат аудити тизимини замонавий рақамли технологиялар асосида тубдан такомиллаштириш, сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш ҳамда аудит жараёнларининг очиқлиги ва самарадорлигини таъминлашга қаратилган.
Фармонга мувофиқ, 2026–2030 йилларда давлат аудити соҳасини рақамли трансформация қилишнинг устувор йўналишлари белгиланди. Жумладан, бюджет тизимидаги хавфларни барвақт аниқлаш самарадорлигини 50 фоизга етказиш, сунъий интеллект технологиялари асосида бюджет интизоми бузилиши ҳолатларини аниқлаш самарадорлигини 1,4 бараварга ошириш, давлат органлари ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали 30 та риск-таҳлил механизми ҳамда 50 та рақамли сервис ва модулни жорий этиш назарда тутилган.
Фармон билан Ҳисоб палатаси фаолиятида давлат ташқи аудитининг мутлақо янги йўналишлари жорий этилмоқда. Хусусан, 2027 йилдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларида жорий этилаётган сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш бўйича сунъий интеллект тизимлари аудити, рақамли маълумотлар ва ахборот тизимларига масофавий кириш орқали масофавий ташқи аудит, шунингдек, хавф таҳлилларига асосланган ахборот технологиялари аудити ўтказилади.
Шу билан бирга, Ҳисоб палатаси давлат органлари ва ташкилотларида молиявий, мувофиқлик ҳамда самарадорлик бўйича ахборот технологиялари аудитини ўтказишга масъул ваколатли орган этиб белгиланди. 2028 йил 1 сентябрдан бошлаб эса мувофиқлик аудитини сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш амалиёти йўлга қўйилади.
Фармонга мувофиқ, давлат аудитида сунъий интеллект ва рақамли технологияларни кенг жорий этишга хизмат қилувчи қатор ахборот тизимлари ва рақамли модуллар босқичма-босқич ишлаб чиқилади. Жумладан, «Масофавий аудит» ахборот-аналитик тизими таркибида давлат органлари ва ташкилотларининг бюджет интизоми ҳолатини баҳоловчи «Давлат органларининг хавф профили» модули яратилади. Ушбу модул орқали давлат органлари ва ташкилотларининг бюджет интизоми рейтинги шакллантирилади ҳамда унинг натижалари ҳар йили кенг жамоатчиликка эълон қилиб борилади.
Шунингдек, давлат ривожлантириш дастурлари доирасида амалга оширилаётган қурилиш лойиҳаларининг ўз вақтида якунланмаслик сабаблари таҳлил қилиниб, фойдаланишга топширилган объектларнинг самарадорлигини баҳолашнинг рақамли механизми жорий этилади.
Фармон билан давлат молиявий назорати органлари ва ички аудит хизматлари фаолиятини янада мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Энди аудит натижалари бўйича аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этиш ҳамда қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифларни кўриб чиқиш жараёнлари Ҳисоб палатасининг «Давлат аудити» ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳам Фармоннинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Хусусан, давлат аудити соҳаси мутахассисларининг халқаро ISACA сертификатларини олиши, электрон ўқув курслари ва таълим платформаларини яратиш, сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялар бўйича мунтазам малака ошириш тизимини йўлга қўйиш белгиланган.
Шунингдек, Ҳисоб палатаси томонидан 2026 йил якунига қадар «Сунъий интеллект лабораторияси» ташкил этилиб, унда сунъий интеллект моделларини ўқитиш, риск-таҳлил механизмларини ишлаб чиқиш, аудит қарорларини таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда прогнозлаш тизимларини яратиш ишлари амалга оширилади.
Мазкур Фармон давлат аудити тизимини рақамли трансформация қилиш, сунъий интеллект технологияларини кенг татбиқ этиш, хавфларни барвақт аниқлаш ва профилактика қилиш, давлат молиявий назорати самарадорлигини ошириш ҳамда бюджет маблағларидан оқилона ва шаффоф фойдаланишни таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Ҳисоб палатаси томонидан Фармонда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш, рақамли аудит инфратузилмасини ривожлантириш, илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш ҳамда давлат аудитининг замонавий моделини шакллантириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилади.


Бошқа янгиликлар
Латвиялик аудиторлар томонидан Ҳисоб палатасида тренинглар ўтказилди
2021
27.05.2025
Бразилияда бўлиб ўтган ИНТОСАИ ишчи гуруҳи йиғилишида Ҳисоб палатасининг вакили иштирок этди
646
24.06.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_bf021d1c61966e1910bc06ca.jpg)
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказилди
3577
29.06.2026
Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг тиббиёт ташкилотлари олдидаги қарздорлиги ўрганилди
429
26.08.2026
Ҳисоб палатасига Словения Республикаси Олий аудит органи делегацияси ташриф буюрди
935
20.04.2026