Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

16.07.2026

Ҳисоб палатаси томонидан 2026 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди

Ҳисоб палатаси томонидан 2026 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижаларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ҳисоб палатасида давлат раҳбари ташаббуслари асосида давлат аудити тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.


2026 йилнинг биринчи ярмида Ҳисоб палатаси томонидан 55 та аудит тадбири ўтказилиб, уларнинг 33 таси масофавий шаклда амалга оширилди.

Давлат бюджетининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот ташқи аудитдан ўтказилиб, 106,5 млрд сўмлик молиявий хатоликлар, давлат харидлари соҳасида 1,4 трлн сўмлик қонунчилик талаблари бузилиши ҳамда 123,9 млрд сўмлик қўшимча солиқ манбалари аниқланди.


Аудит тадбирлари натижасида 1,5 трлн сўмлик молиявий хатоликлар аниқланиб, 2,3 трлн сўм мақбуллаштирилди, 20,1 млрд сўмлик ноқонуний харажатларнинг олди олинди ва бюджетга 266,2 млрд сўм ундирилди. Шунингдек, 1,6 трлн сўмлик қўшимча солиқ ва мажбурий тўлов манбалари аниқланиб, уларнинг 556 млрд сўми бюджетга ундирилди. Давлат харидлари соҳасида 9,1 трлн сўмлик қонунчилик талаблари бузилган ҳолатлар маълум бўлди.


Ҳисоб палатасининг Масофавий назорат маркази томонидан 6 ой давомида 27,1 трлн сўмлик рисклар аниқланиб, 8 трлн сўмлик рисклар бартараф этилди ва 90 млрд сўмлик камчиликларнинг олди олинди.


“Масофавий аудит” ахборот тизимида сунъий интеллектдан 5 та йўналишда фойдаланиш жараёнлари автоматлаштирилиб, 107 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилди. Айни пайтда тизимдан 200 дан зиёд ташкилотнинг 1000 нафарга яқин масъул ходими фойдаланмоқда.


Давлат аудитида рақамлаштириш ва сунъий интеллектдан фойдаланишни янада кенгайтириш мақсадида 2026 йил 6 июль куни тегишли Президент Фармони имзоланди. Ҳужжат билан Ҳисоб палатасида “Сунъий интеллект лабораторияси”ни ташкил этиш, замонавий рақамли модулларни жорий қилиш, бюджет интизоми рейтингини юритиш ва давлат аудити соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича вазифалар белгиланди.


Шунингдек, Ҳисоб палатаси халқаро ҳамкорликни изчил кенгайтирмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида Озарбайжон, Словения ва Хитой олий аудит органлари билан ҳамкорлик алоқалари ривожлантирилди. 22–23 май кунлари Тошкент шаҳрида ёш аудиторларнинг халқаро конференцияси ўтказилиб, унда 30 дан зиёд мамлакатдан 50 нафардан ортиқ ёш аудитор иштирок этди.


2026 йилнинг иккинчи ярмида бюджет харажатларининг самарадорлиги ва қонунийлигини таъминлаш, давлат даромадларининг тўлиқлиги устидан назоратни кучайтириш ҳамда давлат аудитида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланишни кенгайтириш бўйича ишлар давом эттирилади.


img-0
img-1img-2