23.09.2025
Ўзбекистон Президенти дунё мамлакатларини ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шерикликка чақирди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида ўз ишини бошлаган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси умумсиёсий мунозараларида нутқ сўзлади.

Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида иштирокчиларни БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей анжумани - 80-сессияси билан самимий қутлади. Мазкур йиғилиш шиддат билан ўзгараётган мураккаб глобал вазиятда ўтаётгани, бу эса Ташкилот фаолияти ва унинг келажагига янгича ёндашувлар билан қарашга чорлаётганини қайд этди.
Президентимиз Бош котиб Антониу Гутерришнинг энг оғир ва ўткир глобал масалаларни муроса билан ҳал этиш учун БМТни асосий платформа сифатида сақлаб қолишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади. “БМТ – 80” ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлади, мамлакатимиз Келажак учун пактга қатъий содиқлигини тасдиқлади.
Ўзбекистон етакчиси замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтиришга чақирди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистондаги Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг ҳолда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар жараёнига батафсил тўхталди. Таъкидланганидек, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсати олиб борилмоқда.
Мамлакатимиз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қатъий интилишини тасдиқлаб, Президент Ўзбекистон 2030 йилга бориб “даромади ўртадан юқори” бўлган мамлакатлар қаторига киришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди. Бош Ассамблеянинг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди.
Президентимиз Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш учун зарур шароит яратишга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон Президенти тобора ўткир тус олаётган иқлим ўзгариши муаммоларига ҳам алоҳида тўхталди. Қайд этилганидек, Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат марказида бўлиши лозим.
Барчанинг барқарор тараққиётини таъминлаш ҳақида сўз юритилар экан, мамлакатлар ўртасида рақамли ривожланиш ва сунъий интеллектдан фойдаланишда тенгсизликнинг олдини олиш жуда муҳим эканига эътибор қаратди. Шу маънода, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллектнинг амалий ечимлари ва моделларини беғараз алмашишга қаратилган Халқаро ҳамкорлик механизмини яратиш таклиф этилди.
Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шериклик тарафдори экани, халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, умумбашарий мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида ўз ҳиссасини қўшишга доим тайёрлигини таъкидлади.


Бошқа янгиликлар
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_492cf581b6fb26cb5f52c63e.jpg)
Тошкент шаҳрини комплекс ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди
2227
15.12.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_259f06fec5b8135f8e7ce06b.png)
Ўзбекистон ва Тожикистон Ҳисоб палаталари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик изчил ривожланмоқда
141
26.03.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_0161eda03a9ac89d4dddf55e.jpg)
Ўзбекистон Президенти барқарор ривожланишни таъминлаш учун тинчлик ва ишончни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади
1964
11.12.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_b956bf7e32c309ae4b47be5b.jpg)
Рақамли технологиялар вазирлигида бюджет маблағларининг самарали ишлатилиши бўйича йиғилиш
954
30.07.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_9d2e8555e6cadb6b1e52c53e.png)
Бюджет ижроси назоратини кучайтириш бўйича йиғилиш
1437
10.06.2025