Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

24.05.2026

Арманистонлик аудитор конференция мавзулари долзарблигини таъкидлади

Тошкент шаҳрида “Аудит жараёнларини рақамлаштириш ва катта ҳажмли (Big Data) маълумотларни сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш” мавзусида ўтказилган халқаро конференция доирасида иштирок этган хорижий экспертлар мамлакатимизда давлат аудитини модернизация қилиш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.

Конференция иштирокчиларидан бири — Арманистон Олий аудит органи аудитори Левон Алиханян тадбир жараёнлари бўйича ўз фикр ва таассуротлари билан ўртоқлашди.


Унинг таъкидлашича, конференция мазмун жиҳатидан бой дастурга эга бўлиб, давлат аудитини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда замонавий аудит инструментларини қўллаш бўйича долзарб мавзуларни қамраб олган.


Тадбир юқори савияда ва пухта ташкил этилди. Конференция доирасида жуда фойдали тақдимотлар намойиш этилди ва турли давлатлардан иштирокчиларнинг кенг қамровда жалб этилгани катта таассурот қолдирди, — дейди Л.Алиханян.


Эксперт, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасида жорий этилган «Масофавий аудит» ахборот тизими ва Масофавий марказ фаолиятига алоҳида тўхталиб, мазкур ёндашувни давлат аудити соҳасида инновацион ечим сифатида баҳолади.

Унинг фикрича, давлат маълумотлар базаларининг интеграция қилиниши аудит жараёнларининг самарадорлигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ушбу тажрибани рақамли аудит салоҳиятини ривожлантиришга интилаётган бошқа давлатлар билан ҳам ўртоқлашиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.


Шунингдек, эксперт рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳасида келгусида Ўзбекистон Ҳисоб палатаси билан қўшма ва параллель аудит тадбирлари, аудит учун IT-воситалар ва дастурий маҳсулотлар алмашинуви, мутахассислар учун тажриба алмашиш ва малака ошириш дастурлари, шунингдек, масофавий аудит услубиёти бўйича қўшма ишчи гуруҳлар ташкил этишга қизиқиш билдирганини қайд этди.


Арманистонлик аудитор Ўзбекистон Ҳисоб палатасининг давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдаги олиб бораётган ишларига юқори баҳо берди.


Шу билан бирга, аудитор мазкур халқаро мулоқот платформасини доимий равишда ташкил этиладиган тадбир сифатида йўлга қўйиш таклифини илгари суриб, бу келгусида ҳар йили эришилган натижалар ва илғор тажрибалар бўйича фикр алмашиш имконини яратишини таъкидлади.


Ташриф давомида мамлакатимиз ҳақидаги таассуротлари ҳақида сўз юритар экан, меҳмон Ўзбекистоннинг меҳмондўстлиги, бой маданий мероси ва миллий қадриятларини алоҳида эътироф этди.


Ўзбекистон жуда меҳмондўст мамлакат экани катта таассурот қолдирди. Келгусида бу ерга сайёҳ сифатида яна ташриф буюриш истаги пайдо бўлди. Мамлакатнинг маданий мероси ва миллий анъаналари юқори эътирофга лойиқ, — дейди Л.Алиханян.


Шунингдек, иштирокчи мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барқарор тараққиёт ва жадал ривожланишга хизмат қилаётганини таъкидлаб, Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган ўзгаришлар нафақат миллий, балки кенг кўламдаги халқаро тараққиёт жараёнларига ҳам муносиб ҳисса қўшаётганини қайд этди.


Мазкур халқаро конференция давлат аудити соҳасида рақамли трансформация, катта ҳажмли маълумотлар ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.


img