22.01.2026
Асосий куч ва эътибор шароити оғир туман ва маҳаллаларга қаратилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида 2025 йил якунларига қисқача тўхталди.
Таъкидланганидек, ўтган йилда иқтисодиётимиз дастлабки прогнозларга нисбатан анча юқори суръатларда 7,7 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 147 миллиард доллардан ошди. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўсиш суръатлари 2024 йилга нисбатан юқори бўлди. Жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 43 миллиард долларга, экспорт эса 33,8 миллиард долларга етди.
Юқори иқтисодий фаоллик ва ўсиб бораётган истеъмол талабига қарамасдан, инфляция даражаси 2024 йилдаги 9,8 фоиздан 7,3 фоизга пасайди.
Давлатимиз раҳбари ортда қолган бир йилда 366 минг оила камбағалликдан чиққани, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик эса 5,5 фоиздан 4,8 фоизга тушганини қайд этди.
Мутасаддиларга бир ой муддатда ишсизлик ва камбағаллик юқори бўлган маҳаллалар имкониятларини ўрганиб, энг яхши тажрибалар асосида методик қўлланма ишлаб чиқиш топширилди. Ҳокимлар эса жойларда унинг ижросини таъминлаб, аҳолини иш билан таъминлаш, даромадини ошириш ва уларни қийнаётган масалаларга аниқ ечим топиш учун шахсан масъул бўлади.
Йиғилишда жорий йил учун 1 миллион нафар аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллаларнинг сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингтага етказиш, ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизга тушириш вазифалари белгилаб олинди.
Йиғилишда “оғир” туман ва маҳаллаларда аҳолини иш билан таъминлаш ва даромадини ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Ҳоким ёрдамчиларининг ишини “лойиҳавий ёндашув” асосида ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди.
“Маҳалла еттилиги” фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича пойтахтда йўлга қўйилган тажриба эндиликда барча туман ва шаҳарларда ҳам жорий этилади. Бундан буён ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси маҳалла раиси тақдимномаси асосида туман ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва озод қилинади.
Йиғилишда туман ҳокимлари, маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчиларининг ҳисоботлари ҳамда таклифлари тингланди.



Бошқа янгиликлар
Ҳисоб палатаси ходимлари ва Давлат аудити олий мактаби талабаларининг илк учрашуви бўлиб ўтди
381
21.09.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_0209e740fd8485c962029a4d.jpg)
Қурилиш материаллари соҳасини ривожлантириш бўйича янги вазифалар белгиланди
761
25.06.2026
“Ахборот технологиялари аудити: рақамли муҳитда ахборот тизимларини баҳолаш, рискларни бошқариш ва назорат механизмлари” мавзусида конференциянинг биринчи параллел сессияси бўлиб ўтди
733
23.05.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_6f6323e95487361fe5d47b45.jpg)
ХХV ИНКОСАИ доирасида Ҳисоб палатаси делегациясининг икки томонлама учрашувлари бўлиб ўтди
2526
30.10.2025
Сунъий интеллект технологияларига бағишланган ўқув-амалий семинар
532
15.12.2025