Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

26.04.2026

Ҳисоб палатаси аудити натижалари муҳокама қилинди: камчиликларни бартараф этиш ва тизимни такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги фаолияти самарадорлиги юзасидан ўтказилган аудит натижалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилиш Олий таълим, фан ва инновациялар вазири биринчи ўринбосари С. Раджабов бошчилигида ўтказилиб, Инновацион ривожланиш агентлиги раҳбарияти, илмий-техник кенгашлар вакиллари ҳамда вазирлик ва идоралардан масъуллар иштирок этишди.


Шунингдек, йиғилишда Ҳисоб палатаси масъул ходимлари ҳам иштирок этиб, шўъба мудири Н. Имонқулов томонидан аудит натижалари бўйича батафсил маълумот тақдим этилди.


Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда инновацион экотизимни шакллантириш, илмий-тадқиқотларни молиялаштиришни кенгайтириш, ёшларни инновацион фаолиятга жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳим ишлар амалга оширилган.


Хусусан, 56 та илмий ечим ишлаб чиқаришга жорий этилган, халқаро ҳамкорлик доирасида 120 млн доллардан ортиқ маблағ жалб қилинган, илмий мақолалар сони 34,6 фоизга ошган, 60 мингдан ортиқ ёшлар инновацион фаолиятга жалб этилган, жами 735 та илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилган.


Шу билан бирга, аудит натижалари соҳада қатор муаммолар мавжудлигини ҳам кўрсатди. Жумладан, узоқ муддатли стратегик режалаштириш етарли даражада шаклланмаганлиги, инновацияларни тижоратлаштириш механизмлари самарали ишламаслиги, давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳалар амалда мавжуд эмаслиги, хусусий сектор иштирокининг пастлиги ҳамда университет ва саноат ўртасидаги ҳамкорлик етарли даражада эмаслигини кўрсатди.


Шунингдек, Илмий лойиҳаларни танлаш ва молиялаштириш жараёнларида танлов жараёнларининг шаффоф эмаслиги, экспертиза муддатларининг кечикиши, манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари, ўхшаш лойиҳаларга молиялаштириш ҳолатлари мавжудлиги таъкидланди.


Бундан ташқари, стартаплар ва тижоратлаштириш йўналишида ҳам самарадорлик паст даражада экани қайд этилди.


Йиғилишда Инновацион ривожланиш агентлиги раҳбари А. Норов томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани юзасидан ахборот берилди.


Шунингдек, агентлик раҳбари ўз чиқишида барча камчиликларни бартараф этиш, молиявий интизомни кучайтириш ва лойиҳалар самарадорлигини ошириш бўйича белгиланган чора тадбирларни қатъий ижроси таъминланишини таъкидлаб ўтди.


Муҳокама якунида, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш, аудит тавсияларини тўлиқ амалга ошириш, ички аудит тизимини кучайтириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.


Шунингдек, томонлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда инновацион фаолият самарадорлигини ошириш юзасидан бажарилиши долзарб бўлган йўналишлар бўйича келишиб олдилар.

 


img