Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

11.05.2026

“ЎЗСУВТАЪМИНОТ” АЖ ФАОЛИЯТИ, ИЧИМЛИК ВА ОҚОВА СУВ ТАЪМИНОТИ СОҲАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР ҲАМДА ТАШҚИ ҚАРЗ ЛОЙИҲАЛАРИ АУДИТИ НАТИЖАЛАРИ

Ҳисоб палатаси томонидан 2026 йил 1-чоракда “Ўзсувтаъминот” АЖ фаолияти, ичимлик ва оқова сув таъминоти соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда ташқи қарз лойиҳалари аудитдан ўтказилди.

Маълумот тарзида қайд этиш жоизки,  2025 йилда Республика бўйича 82,4 фоиз (31,5 млн) аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланган.


2023-2025 йй.да 3 472 та объектда қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлиб, шундан 3 259 та объект фойдаланишга топширилган.


Натижада 9,5 млн аҳоли ва 11 мингта тадбиркорлик субъектининг ичимлик ва оқова сув таъминоти яхшиланган бўлса, шундан аҳолининг 35 фоизи, тадбиркорларнинг 46 фоизи илк марта ичимлик ва оқова сув билан таъминланган.


Аудит жараёнида соҳада қатор муаммолар ва камчиликлар мавжудлиги қайд этилди. Жумладан:


-2025 йилда ичимлик суви намуналарининг бактериологик таҳлил бўйича 6,3 фоизи, кимёвий кўрсаткичлари бўйича 4,9 фоизи ҳамда қишлоқ сув иншоотлари сув намуналари эса тегишлича 6,8 фоизи ва 8,1 фоизи санитария меъёр талабларига жавоб бермаган;


-01.01.2026 йил ҳолатига 4,4 млнта абонент (жамига нисбатан 85,6%) ҳамда 3 865 та (30,4%) сув иншоотига ҳисоблагич ўрнатилган бўлиб, шундан 533 мингта (12,1%) абонент ва 2 410 та (62,4%) сув иншооти ҳисоблагичининг қиёслаш муддати ўтиб кетган.


-Корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган сувнинг йўқотилиши 2023 йилда 483,2 млн м3 (30,2%), 2024 йилда 500,9 млн м3 (33,9%), 2025 йил 9 ойда 468,9 млн м3 (40,4%) ташкил қилган.


-Республикада умумий қуввати 3,6 млн м3/сутка бўлган 64 та оқова сув ҳамда 191 та локал (маиший) тозалаш иншооти мавжуд бўлиб, уларнинг амалда 2,6 млн м3/сутка (72,2%) қувватда ишламоқда.


-Бугунги кунда 32 та маиший оқова ва 1 та локал тозалаш иншооти жисмонан ва технологик жиҳатдан эскиргани сабабли самарадорлиги 50 фоиздан пасайиб, таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани оқибатида оқова сувлар тозаланмасдан очиқ сув ҳавзаларига ташлаб келинмоқда.


-оқова сувлар ташланадиган жойлар таъсир зонасидаги сув ҳавзаларидан олинган намуналарнинг 7,3 фоизи микробиологик кўрсаткичлар бўйича гигиеник талабларга жавоб бермаган ҳамда 9,6 фоизи санитария-кимёвий кўрсаткичлар бўйича номувофиқ;


-тариф лойиҳалари ишлаб чиқилишида молиявий санкциялар, жарималар ҳамда ишлаб чиқаришга боғлиқ бўлмаган харажатлар киритилган;


-2023-2024 йилларда тарифларини шакллантиришда меъёрий йўқотишлар миқдорини ўртача белгиланган 28 фоиздан 33 фоизга ошиши натижасида 133 млн м³ ичимлик сувининг самарасиз сарфланишига ёки ҳар 1 м³ сув учун ўртача 135,4 сўм қўшимча харажатга олиб келган;


-“Water dataягона маълумотлар базаси ҳамда Автоматлаштирилган омбор тизимини жорий этиш муддати 2024 йил декабрь ойи белгиланган бўлсада, тизим аудит даврига қадар жорий этилмаган (ПҚ-343, 24.10.2023 й.);


-ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматларидан қарздорлиги мавжуд ҳамда ушбу қарздорликни ундириш бўйича истеъмолчиларни электр энергияси таъминотидан узиш механизми жорий этилмаган (муддат: 01.01.2024 й.);


Республика бўйича истеъмолчиларнинг 1,7 млн нафари (33,5%) 6 ой, 1,1 млн нафари (21,8%) 1 йил, 742 минг нафари (14,5%) 2 йилдан ортиқ тўловларни амалга оширмаган.


-SCADA тизимлари алоҳида инфратузилма кўринишида ташкил этилиб, Жамият томонидан ягона сиёсат юритилмаган, марказлашган тартибда мониторинг ва назорат олиб борилмаган;


-ҳисоблагичлар ўрнатилмагани, эксплуатация йўлга қўйилмагани, инфратузилма тўлиқ шаклланмагани, лойиҳа пухта режалаштирилмагани оқибатида 22 та объект фойдаланилмасдан самарасиз қолмоқда;


Мисол учун, Давлатобод, Поп ва Чуст туманларида фойдаланишга топширилганига 2,5 йил бўлган 3 та объектни эксплуатация қилиш учун штат ажратилмаган.


Ёки, Бўка ва Пскент туманларида амалга оширилган ва лойиҳада аҳолини қамраб олиш учун ички тармоқларни тортиш тўлиқ кўзда тутилмагани сабабли тармоққа бирорта абонент уланмаган.


-5 та лойиҳа доирасида ўрнатилган ускуна жиҳозлар носозлиги ёки улардан фойдаланиш учун қўшимча харажатлар талаб этилиши сабабли 8 та ҳолатда маблағлар самарасиз сарфланган.


-Асосий фаолияти қурилиш-пудрат ишлари бўлмаган ҳамда соҳавий рейтингда бўлмаган “Тошкент вилояти сув таъминоти” АЖ билан 5 та шартнома имзоланган.


-55 та объектда ишлар тўлиқ бажарилмаган ёки ишлар бажарилгани ҳақида ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилмаган бўлсада, объектлар фойдаланишга қабул қилинган;


Мисол учун, “Давлатобод тумани “Ижодкор” МФЙ аҳолиси учун ичимлик сув тармоғини тортиш” лойиҳасида (топшириш муддати: 12.12.2023 й.) пудратчи “INSHAAT-INVEST” МЧЖ томонидан 2023 йилда 18 фоиз ишлар бажарилган бўлсада, 22.09.2023 йилда Давлат қабул ҳайъатининг далолатномаси расмийлаштирилган.


Аудит натижасида “Ўзсувтаъминот” АЖ тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда республикада ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари тизимини тубдан яхшилаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқиш бўйича таклифлар берилди:


-“Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарувини трансформация қилиш;


-сув иншоотлари, магистрал сув қувурларида ақлли сув ҳисоблагичлари

ва аҳоли истеъмолчилари учун сув ҳисоблагичлари ўрнатиш;


-марказлашган тартибда ичимлик суви ишлаб чиқарилиши ва уни истеъмолчиларга етказиб бериш, тармоқдаги сув йўқотишларини камайтириш назорати ҳамда ҳисоб-китобини юритиш тизимини яратиш;


-SCADA ва геоахборот (GIS) тизимларини жорий қилиш;


-ичимлик ва оқова сув иншоотлари ва тармоқларни технологик аудитдан ўтказиш ҳамда уларни модернизация ва реконструкция қилиш;


-инвестиция дастурларини шакллантиришда мавжуд иншоотлардан самарали фойдаланишни инобатга олиш, сув тармоқларини янгилаш;


-лабораторияларни қайта жиҳозлаш, уларни аккредитациядан ўтказиш

ва мутахассислар малакасини ошириш;


-“Ўзсувтаъминоти” АЖ Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил якунига қадар тизимни тўлиқ рақамлаштириш.


Юқорида қайд этилган камчиликлар вазирликлар ва идоралар масъуллари иштирокида муҳокама қилиниб, чора тадбирлар белгиланди, шунингдек уларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўйилмаслиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига тегишли ахбороти киритилди ва “Ўзсувтаъминот” АЖга тегишли кўрсатмалар киритилди.

 


img