Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

01.06.2026

“Яшил макон” лойиҳаси доирасида ҳамда ўрмонларни бошқариш тизимида амалга оширилган ишлар самарадорлиги аудити

Аудит жараёнлари 2023-2024 йиллар ва 2025 йилнинг 9 ойини қамраб олган ҳолда Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги тизими ҳамда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари мисолида ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги тизимидаги 79 та ўрмон хўжалиги балансида 7,1 млн га, шундан 4,2 млн га ўрмонли (71 фоизи ёки 3 млн га ўрмон) ва 2,9 млн га ўрмонсиз (72 фоизи ёки 2,1 млн га яйлов) ерлар мавжуд.


2021-2025 йилларда ўрмон хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар натижасида қўшимча 1,5 млн га (2019 йил ҳолатига – 3,2 млн га) ўрмонзор ва бутазор майдонлари ташкил этилган.


Шунингдек, 6,1 минг тонна дарахт ва буталар уруғи, 599,1 млн дона дарахт ва буталарнинг ниҳол ва кўчатлари етиштирилган ҳамда 10,7 минг га майдонда иҳота дарахтзорлари барпо этилган.


Ўрмонларни муҳофаза қилиш, кўпайтириш, маблағлардан оқилона фойдаланишда бир қатор камчиликлар аниқланди. Ҳусусан:


-ўрмон хўжаликларида ходимларга муносиб меҳнат ва моддий-техник шароитлар етарли даражада яратилмаганлиги;


-ўрмон қўриқчилари учун ўрмонларда ҳар йили камида 50 тадан ўрмончилар уйи ва кузатув минораларини қуриш вазифаси белгиланган бўлсада, меъёр бўйича ташкил этилмаганлиги;  


-ўрмон хўжаликларида ўрмон муҳофазасига масъул ишчилар махсус транспорт воситалари, асбоб-ускуналар (бинокль, дрон, рация, видеокузатув ва бошқалар), кийим-бош билан етарли даражада таъминланмаганлиги;


-“Яйловлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан яйловларда геоботаник тадқиқотлар етарли даражада амалга оширилмаганлиги;


-ўрмон хўжаликлари фонди ҳисобидан чиқарилган ер майдонларида кўзда тутилган лойиҳалар бошқа мақсадларда фойдаланилганлиги;


-ўрмон фонди ер майдонларини ижарага бериш жараёнларида белгиланган тартиб-қоидаларга тўлиқ риоя қилинмаганлиги оқибатида ижара тўлови интизоми таъминланмаганлиги;


-дарахт касалликлари ва зараркунандаларига қарши курашиш хизмати тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги, бунда “Яшил ҳудуд” корхонаси имкониятларидан самарали фойдаланилмаётганлиги соҳа масъулларига кўрсатиб ўтилди.


Аудит натижалари бўйича “Яшил макон” лойиҳаси ва ўрмонларни бошқариш тизимида мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва самарадорликни ошириш мақсадида тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.


Мазкур таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.03.2026 йилдаги ““Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-47-сонли Фармонида ўз аксини топди. Жумладан:


-Ўрмон агентлиги ҳузуридаги “Яшил боғларни бошқариш ўрмон илмий-тажриба маркази” давлат муассасаси қайта ташкил этилди.


-“Яшил боғларни бошқариш ўрмон илмий-тажриба маркази” таркибида алоҳида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ҳудудлардаги “Дарахт касалликлари ва зараркунандаларига қарши курашиш хизмати” ташкил этилиб, тизим тўлиқ йўлга қўйилиши белгиланди.


-Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2026 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1108-сон Қонуни билан Солиқ кодексининг 424 ва 433 моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бунга кўра:


а) давлат органлари ва муассасалари билан тузилган ижара шартномалари асосида берилган ерлар учун тўланадиган ижара тўлови ер солиғига тенглаштирилди;


б) ер участкаларини ижарага олган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан ер солиғи тўловчилари учун белгиланган солиқ ставкалари, имтиёзлари ва ҳисобот бериш тартиби тўлиқ татбиқ этиладиган бўлди.


Ўрганиш натижасида аниқланган муаммо ва камчиликлар масъуллар иштирокида муҳокама қилиниб, уларни бартараф этилиши ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан тегишли кўрсатмалар берилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

 


img