Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

24.05.2026

Венгрия давлати Олий Аудит органи вакили Кристоф Ковач: "Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси — намунавий иш олиб бораётган аудит ташкилоти"

2026 йил 21-23-май кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "Аудит жараёнларини рақамлаштириш ва катта ҳажмли (Big Data) маълумотларни сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш" мавзусидаги халқаро конференцияда Венгрия Олий Аудит органи вакили Кристоф Ковач иштирок этди ва конференция жараёнига юксак баҳо бериб таъсуротлари билан бўлишди.

Ўзбекистон мен кутгандан анча ривожланган мамлакат экан ва бунинг устига жуда тез суръатлар билан ривожланишда давом этмоқда — деб таъкидлади Кристоф Ковач.


Хусусан, Ҳисоб палатаси нафақат кенг ваколатларга эга, балки ушбу ваколатларни амалда самарали қўллай олмоқда. Кенг ваколатларга эга бўлиш — яхши, уни амалда самарали ишлатиш — бундан ҳам яхшироқ.


Ўзбекистон айнан шу йўналишда намунавий иш олиб бормоқда.


Олий аудит органлари ўртасидаги халқаро ҳамкорлик масаласида жаноб Ковач, ҳар бир мамлакатда ягона олий аудит органи мавжуд эканлигини таъкидлаб, бундай конференциялар нақадар қимматли эканини алоҳида изоҳлади:


 "Ҳар бир мамлакатда фақат биттагина олий аудит органи бўлади. Шунинг учун халқаро майдонга чиқиб, бир-биридан ўрганиш ва тажриба алмашиш — шарт. Кўплаб мамлакатлар вакиллари билан бир жойда учрашиш — бу қимматли имконият."


Конференция ташкилий жараёни бир сўз билан "ажойиб" деб таърифлаган жаноб Ковач, техник ва логистик жиҳатдан ҳам, мазмун-моҳият жиҳатдан ҳам тадбир ниҳоятда юқори даражада ўтказилганини қайд этди.


У ёрдамчи ходимларнинг самимийлиги ва ғамхўрлигини алоҳида таъкидлаб, уларни “шахсий дўстларим” деб атади.


Венгриялик меҳмон Ҳисоб палатасининг Масофавий назорат маркази билан танишгач, айниқса унда катта қизиқиш уйғотди. "Бундай кенг қамровдаги давлат ташкилотларининг маълумотлар базасини бир тизимга жамлаш — бу катта ўсиш”. Ушбу тажрибани Венгрия амалиётида ҳам қўллаш ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари бўлиши мумкинлиги Венгриялик мутахассис томонидан таъкидланди.


У давлат аудитида технологиялардан фойдаланиш кун сайин муҳим аҳамият касб этаётгани боис, IT аудит соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини алоҳида қайд этди.


Конференция якунида эса Венгриялик меҳмон қисқа ва аниқ таклиф билдирди: "Бундай конференцияларни ҳар йили ўтказайлик!


img-0
img-1