Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

25.03.2026

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар тарихида янги саҳифа очилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлмоқда.

Ташриф доирасида икки давлат етакчилари тор доирада музокара ва Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини ўтказдилар.


Давлатимиз раҳбари Тожикистон Президентининг ушбу давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат ришталарини мустаҳкамлашда яна бир муҳим қадам эканини алоҳида таъкидлади.


Учрашувларда Ҳукуматлар, Парламентлар ва идоралар даражасидаги фаол ва яқин алоқалар ривожланаётгани қайд этилди. Ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, саноат кўргазмаси ва ҳудудлар, ректорлар, олимлар, ёшлар ва таҳлил марказларининг форумлари муваффақиятли ташкил қилинди. Айни кунларда мамлакатимизда Тожикистон маданияти ва киноси кунлари ўтказилмоқда.


Йиғилишда томонлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини батафсил муҳокама қилиб, ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш йўлларини таҳлил қилдилар.


Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини рағбатлантириш, транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, сув ва энергетика хавфсизлигини кучайтириш чораларига алоҳида эътибор қаратилди.


Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми, энг аввало, тайёр маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш ҳисобига қарийб 1 миллиард долларга етди. 2028 йилга келиб, ўзаро савдони 2 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди.


Бундан ташқари, тоғ-кон, энергетика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, енгил саноат, қурилиш ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ўз ичига олган алоҳида Саноат кооперацияси дастури қабул қилинмоқда.


Энергетика, сув ресурсларини бошқариш, транспорт ва бошқа кўплаб соҳалардаги шериклик атрофлича кўриб чиқилиб, ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.


Етакчилар ҳудудлараро алоқаларни янада ривожлантириш, гуманитар, таълим ва илмий алмашинувларни рағбатлантиришга келишиб олдилар.


Йирик диаспоралар мавжудлигини ҳисобга олиб, маданий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича беш йиллик чора-тадбирлар режасини қабул қилиш таклиф қилинди.


Давлат раҳбарлари минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.


Марказий Осиёда кўп томонлама тузилмалар ва минтақавий форматлар доирасида яқин мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди. Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.


Якунда эришилган келишувларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш учун кенг қамровли “йўл харитаси” қабул қилиниши белгиланди.


Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишидан сўнг Президентлар йирик кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этдилар. Давлат раҳбарлари 10 та қўшма лойиҳани бошлаб бердилар.


Тожикистон Республикаси Президентининг давлат ташрифи доирасида, шунингдек, ушбу мамлакатнинг Тошкент шаҳридаги элчихонасининг янги биноси очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.


Ушбу ташриф Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга бўлган ўзаро интилиш қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади.


img-0
img-1img-2