Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

11.05.2026

СУВ РЕСУРСЛАРИНИ БОШҚАРИШ ВА ИРРИГАЦИЯ СЕКТОРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИ ТАҲЛИЛИ

Ҳисоб палатаси томонидан Сув хўжалиги вазирлигида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси масофавий тарзда таҳлил қилинди ва ижросини таъминлаш бўйича амалий ёрдамлар берилди.

Таъкидлаш жоизки, соҳада сўнги йилларда кенг кўламда ислоҳатлар олиб борилмоқда. Хусусан:


– Сув хўжалиги вазирлиги “сув ҳисоби” ва “хавфни таҳлил қилиш” ахборот тизимлари “Reestr.uz”да рўйхатдан ўтказилиб, республика миқёсида жорий этилди.


– Ахборот тизимлари “Рақамли ҳукумат” идоралараро плаформага интеграция қилиниб, “Ягона интегратор Uzinfocom” МЧЖ билан босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда.


Маълумот учун: ҳозирда 14 йўналишда тизимлараро маълумот алмашиш, Сирдарёдаги пилот лойиҳа доирасида сув истеъмолини планшетларда “Сув ҳисоби” ахборот тизимида юритиш йўлга қўйилди. Сув истеъмолчини (шахсни) Адлия вазирлиги маълумот базаси ёрдамида юзидан таниш (FaceID) ва тасдиқлаш механизми жорий этилди.


Кадастр агентлиги “UZCAD” ахборот тизимидан фермер ва деҳқон хўжаликларнинг ер кадастр рақамлари ҳамда Солиқ қўмитаси тизимидан солиқ тўловчилар базаси бўйича маълумот алмашиш йўлга қўйилди.


Республикадаги 83 та сув омбори, 1 779 та насос станция, 4 498 та суғориш қудуғи, 13 606 та канал, 45 та дарё ва сойлар, 344 та гидроузел, 8 712 та коллектор тармоғи ва 28 434 та кузатув қудуқлари тўғрисида рақамли паспорт шакллантирилди.


– “Сувхўжаликназорат” инспекцияси “хавфни таҳлил қилиш” ахборот тизими Бизнес-вакил платформасига интеграция қилиниб, сувдан фойдаланишни текширишларни рўйхатга олиш ва натижаларига оид ҳужжатларни тизимда шакллантириш йўлга қўйилди.


Электр энергия истеъмолини мониторинг қилиш учун “насос станциялари” ахборот тизими “HET billing” тизимига интеграция қилиниб, насос станция ва тик қудуқлардаги AСKУЭ ҳисоблагичлардан маълумотларни онлайн режимда вазирликка узатиш йўлга қўйилди.

Асосий сув манбалардан сув сарфини реал вақт режимида аниқлаш имконини берувчи 322 та трансчегаравий ва 28 та вилоятлараро нуқталар қурилмаларини ўрнатиш учун гидропостлар ва уларда ўрнатилган ускуналар хатловдан ўтказилиб, трансчегаравий ва вилоятлараро гидропостларнинг техник хусусияти ва параметри бўйича маълумотлар шакллантирилди.


Вазирлик ва “N-Com Central Asia” МЧЖ ишчи гуруҳи жорий йилнинг январь ойида такроран жойларга чиққан ҳолда 231 та трансчегаравий гидропостларнинг техник ҳолатини ўрганди.


Олиб борилган ижобий ишлар билан бирга, белгиланган вазифалар ижросида қуйидаги айрим муаммолар ва камчиликлар мавжудлиги қайд этилди:


1. Республика чегараларида олинаётган сув сарфини реал вақтда аниқловчи 350 та қурилмаларни ўрнатиш нуқталари тўлиқ шакллантирилмагани учун харид қилиш ва ўрнатиш бўйича тендер эълон қилинмаган.


Лойиҳанинг техник ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган ва “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази”га экспертизага киритилмаган.


2. Вазирлик 10 та ахборот тизимини ишлаб чиқиш ҳамда уларни ягона платформага жойлаштириш бўйича ишларни жуда суст олиб бормоқда.


Ишлаб чиқилган ахборот тизимларни 14 та вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базаларига интеграция қилиш ишлари 7 тасида бажарилган, техник ҳужжатлари “Киберхавфсизлик маркази” экспертизасидан ўтказилмагани учун қолганларида ишлар бажарилмаган.


Шу билан бирга, ишга туширилган ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар интеллектуал мулк объекти сифатида рўйхатдан ўтказилмаган.


3. Ахборот тизимига киритилган 10 058 та электр ҳисоблаш қирилмалардан бугунги кунга қадар 1 300 таси “ҲЭТ” базасига интеграция қилинмаган.


4. Туманлараро 1 895 та нуқталардан 1 704 тасида ўрнатилган “ақлли сув” ускуналарни такомиллаштириш (сув тезлигини ўлчамайди) зарур ҳисобланади.


Вазирликда “ақлли сув” қурилмалари ва насос станциялари маълумотлар базасини шакллантирадиган data mwr.uz дастури ишламаётгани учун “насос станциялари” ахборот тизимига электр ва сув ҳисоблагичлардан маълумот узатилмаяпти.


5. 43 та сув омборларига қурилмалар ўрнатилган бўлсада, “сув хўжалиги объектлари” дастури ҳали тайёр бўлмагани учун улардан фойдаланилмаяпти.


Таҳлиллар натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли вазирлик ва идораларга қуйидаги таклиф ва тавсиялар берилди:


-Республика чегараларида олинаётган сув сарфини реал вақт режимида аниқлаш имконини берувчи 350 та қурилмаларни ўрнатиш нуқталарини тўлиқ шакллантириш;


-2026 йил 1 июлга қадар қурилмаларни харид қилиш, ишга тушириш ва мавжуд ахборот тизимларига интеграция қилиш ишларини якунлаш;


-йирик 14 та сув омборларида 71,2 км оптик толали алоқа кабель ўрнатиш ишларини якунлаш;


-2026 йил 1 сентябрга қадар амалдаги тажрибадан келиб чиқиб, 2-босқичда ўрнатилиши лозим бўлган 1 895 та туманлараро нуқталарда такомиллаштирилган сув ўлчаш ускунасини тўлиқ ўрнатилишини таъминлаш;


-Қурилмаларни ўрнатилишини ташкиллаштириш, марказ билан интеграциялашув жараёнларини тезлаштириш мақсадида Сув хўжалиги вазирлигининг масъуллари бошчилигида ҳудудларда ишчи гуруҳлар ташкил қилиш;


-Ахборот тизимига интеграция қилинмаган 1 300 та электр ҳисоблаш қурилмаларининг 782 тасида алоқа сифатини яхшилаш, 97 тасини таъмирлаш ҳамда 421 тасини янгисига алмаштириш каби таклифларни қайд этиб ўтиш мумкин.


Юқорида қайд этилган муаммолар ва камчиликлар, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар Президент Администрациясига киритилди ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишлилиги бўйича вазирлик ва идораларга вазифалар белгиланди.

 

img