22.04.2026
Ҳисоб палатасининг 2025 йилдаги фаолияти якунлари кўриб чиқилди
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида Ҳисоб палатасининг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди. Унда депутатлар, сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзолари иштирок этди.

Йиғилиш давомида Ҳисоб палатаси ва Қонунчилик палатаси ўртасидаги самарали ҳамкорлик алоҳида таъкидланди. Хусусан, 2025 йилда имзоланган ўзаро ҳамкорлик меморандуми қонун ижодкорлиги жараёнини такомиллаштириш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларни тизимли таҳлил қилишда муҳим аҳамият касб этгани қайд этилди.
Шунингдек, Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари, М. Абдуллаев Ҳисобот даврида мамлакатда давлат аудити ва молиявий назорат тизимини тубдан ислоҳ қилиш ишлари янги босқичга кўтарилганини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, Президент фармонлари асосида Ҳисоб палатаси фаолияти трансформация қилиниб, у анъанавий назорат органидан стратегик таҳлил ва превентив ёндашувларга асосланган институтга айланаётганини айтиб ўтди. Бундан ташқари, Рақамлаштириш, риск-таҳлил ва масофавий аудит механизмларини жорий этиш орқали бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши устидан назорат кучайтирилганлигини қайд этди.
2025 йилда 93 та аудит тадбири ҳамда 62 та тематик ва масофавий риск-таҳлиллар амалга оширилди. Натижада жами 18,8 трлн сўмлик бюджет маблағлари бўйича қонунбузилишларнинг олди олинди, харажатлар мақбуллаштирилди ва қўшимча даромад манбалари аниқланди.
Давлат бюджети шакллантирилиши жараёнида ҳам Ҳисоб палатаси фаол иштирок этди. 2026 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси кўриб чиқилиб, қатор таклиф ва тавсиялар асосида бюджет даромадлари оширилди, харажатлар эса қисқартирилди. Шунингдек, маҳаллий бюджетлар лойиҳалари экспертизадан ўтказилиб, ҳудудларда молиявий мувозанатни таъминлашга хизмат қилди.
Ҳисоботда давлат бюджети ижроси, давлат харидлари, инвестиция лойиҳалари ва ташқи қарз маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги юзасидан ўтказилган аудитлар натижалари ҳам кенг ёритилди. Давлат харидлари соҳасида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, рақобат муҳитини кучайтириш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган қатор таклифлар ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга, “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш, солиқ тушумларини ошириш ва бюджет даромадлари базасини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Аудит натижаларига кўра, бюджетга қўшимча тушумлар манбалари аниқланиб, уларнинг ундирилиши таъминланди.
Ҳисоб палатаси фаолиятида рақамлаштириш устувор йўналиш сифатида белгиланиб, “Масофавий аудит” ахборот тизими кенг жорий этилди. Ушбу тизим орқали бюджет маблағларининг сарфланиши онлайн режимда мониторинг қилиниб, молиявий хато ва камчиликларни барвақт аниқлаш имконияти яратилди. Шунингдек, сунъий интеллект технологиялари жорий қилиниб, давлат харидлари ва бошқа соҳаларда қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш самарадорлиги оширилди.
Ҳисоботда М.Абдуллаев, Халқаро ҳамкорлик доирасида ҳам муҳим натижаларга эришилганлигига тўхталиб ўтди. Қатор хорижий давлатлар олий аудит органлари билан алоқалар кенгайтирилиб, қўшма аудитлар ва тажриба алмашинуви йўлга қўйилди. Ҳисоб палатаси халқаро ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этмоқда.
Йиғилиш якунида депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар инобатга олинган ҳолда Ҳисоб палатасининг 2025 йилдаги фаолияти ижобий баҳоланди. Томонлар келгусида давлат молиявий назоратини янада такомиллаштириш, бюджет интизомини мустаҳкамлаш ва давлат маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш борасида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.



Бошқа янгиликлар
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_af47320b0a0a27b80d826ef9.jpg)
Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ситуацион марказ”нинг жорий фаолияти
1185
03.08.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_c733748f82db1af1b56577bc.jpg)
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида халқаро конференция бўлиб ўтди
1181
28.11.2025
Хавфларни бошқариш тизимини самарали йўлга қўйиш бўйича семинар бўлиб ўтди
1493
20.06.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_4e5e94d31f5bcec320360868.jpg)
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан табрик
2508
29.09.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_e10e72ac71b9d325de60e218.jpg)
Арманистонлик аудитор конференция мавзулари долзарблигини таъкидлади
75
24.05.2026