Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

17.05.2026

Ветеринария ва чорвачилик соҳасида халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳалар: Муаммолар ва ечимлар

Ўзбекистонда ветеринария ва чорвачилик соҳасини модернизация қилиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда экспорт салоҳиятини кучайтириш мақсадида халқаро молия институтлари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда соҳада умумий қиймати 568 млн долларлик 3 та йирик лойиҳа ижроси давом этмоқда.

Мазкур лойиҳалар Жаҳон банки, Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) ҳамда IFAD каби халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Лойиҳаларнинг асосий мақсади соҳага илғор технологияларни жорий этиш, фермер ва чорвачилик хўжаликларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлашдан иборат.


Ҳисоб палатаси томонидан мазкур соҳада амалга оширилган ўрганишлар натижасида фаолиятда бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлиги қайд этилди.


Маблағларни ўзлаштириш даражаси паст


2025 йил 1 декабрь ҳолатига лойиҳалар доирасида 386,3 млн АҚШ доллари қийматидаги қарз битимлари имзоланган бўлса-да, шундан атиги 173,9 млн доллари ёки 45 фоизи ўзлаштирилган. Жумладан:


· “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳасида — 66 фоиз;


· “Чорвачилик соҳасини ривожлантириш (2-босқич)” лойиҳасида — 42 фоиз;


· “Сутчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш” лойиҳасида эса атиги 0,2 фоиз маблағ ўзлаштирилган.


Бу ҳолат лойиҳаларни амалга оширишдаги сусткашлик, тендер жараёнларининг кечикиши ва масъул идоралар ўртасида мувофиқлаштириш ишлари етарли эмаслигини кўрсатади.


Амалга оширилмаган тадбирлар ва кечикаётган лойиҳалар


Жаҳон банки иштирокидаги “Чорвачилик соҳасини ривожлантириш (2-босқич)” лойиҳаси доирасида 74,5 млн АҚШ доллари қийматидаги чора-тадбирларнинг аксарияти белгиланган муддатларда бажарилмаган. Хусусан:


· 10 та илмий тадқиқот институтларини модернизация қилиш;


· 500 та контейнер типидаги офис ва 900 та вакцина совуткичларини харид қилиш;


· божхона лабораториялари ва карантин фермаларини ташкил этиш ишлари кечикган.


Айрим тендер жараёнлари 430 кунгача кечиккан.


Масалан, вакцина сақлаш учун совуткич ускуналарини харид қилиш бўйича тендер 2024 йил сентябрда якунланиши керак бўлган бўлса-да, ҳозиргача тугалланмаган.


Самарасиз харажатлар ва нотўғри режалаштириш


Ўрганишларда энг жиддий камчиликлардан бири сифатида чорва молларини идентификация қилиш тизимидаги муаммолар қайд этилди. Лойиҳа доирасида 20 млн дона бирка харид қилиш учун 20 млн долларлик шартнома тузилган. Бироқ:


· дастурий таъминот ҳали яратилмаган;


· планшетлар харид қилинмаган;


· инфратузилма тайёр эмас.


Натижада келтирилган биркаларнинг бир қисми самарасиз сарфланмоқда. Шу билан бирга, бозорда айнан шу турдаги биркалар анча арзон нархда таклиф қилинаётгани маълум бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа доирасида харид қилинаётган биркалар бозор нархидан қарийб 98,6 млрд сўмга қиммат баҳоланган.


Лойиҳа маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари


Эпидемиологик назоратни кучайтириш мақсадида харид қилинган 13 та “Geely Coolray” хизмат автомашиналари амалда эпизоотолог мутахассисларга эмас, балки ҳудудий раҳбарлар хизмати учун ишлатилаётгани аниқланган.


Бу эса лойиҳаларда мақсадли харажатлар устидан назорат механизми етарли эмаслигини кўрсатади.


Кредит маблағлари самарадорлиги паст


Тижорат банклари орқали 638 та корхонага 146,4 млн долларлик кредит ажратилган. Бироқ таҳлиллар шуни кўрсатдики:


· 94 та корхона кредит олган бўлса-да, маҳсулот ишлаб чиқармаган;


· 467 та корхона бизнес-режада кўрсатилган иш ўринларини яратмаган;


· айрим ҳолатларда кредит олган корхоналарда ишчилар сони ҳатто камайган.


Бу ҳолатлар, бизнес-режаларни баҳолаш тизими заифлигини, мониторинг ва назорат етарли эмаслигини ҳамда кредит самарадорлигини баҳолаш механизмлари ишламаётганини англатади.


Асосий муаммолар


Таҳлилларга кўра, соҳада қуйидаги тизимли камчиликлар мавжуд:


· тендер жараёнларининг чўзилиши;


· рақамли бошқарув тизимлари етарли эмаслиги;


· масъул ташкилотлар ўртасида мувофиқлаштириш пастлиги;


· маблағларни ўзлаштиришда сусткашлик;


· лойиҳалар мониторинги самарасизлиги;


· инсон ресурсларини нотўғри тақсимлаш;


· иқтисодий самарадорлик таҳлили етарли эмаслиги.


Аудит натижаларига кўра, қайд этилган муаммоларни бартараф этиш ва лойиҳа самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор амалий чора-тадбирлар таклиф этилди. Хусусан:


-лойиҳаларнинг барча жараёнларини ягона рақамли платформага ўтказиш ва онлайн мониторинг тизимини жорий этиш;


-тендер жараёнларини соддалаштириш ва муддатларни қатъий назорат қилиш;


-кредит ажратишда - бизнес-режаларни чуқур таҳлил қилиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларини баҳолаш ҳамда иш ўринлари яратилишини автоматик мониторинг қилиш тизимини жорий этиш;


-субсидия ва компенсация ажратиш шартларини енгиллаштириш орқали фермер ва тадбиркорларнинг лойиҳаларда иштирокини кенгайтириш;


-лойиҳаларда масъул ходимларнинг бир вақтда бир нечта лойиҳада ишлашига чеклов қўйиш ва шахсий жавобгарликни кучайтириш каби таклифлар муҳим аҳамиятга эга.


Умуман хулоса қилиб айтганда, ветеринария ва чорвачилик соҳасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги, экспорт салоҳияти ва қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.


Бироқ маблағларни ўз вақтида ва самарали ўзлаштириш, лойиҳаларни манзилли амалга ошириш ҳамда шаффофликни таъминлаш соҳадаги энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.


Акс ҳолда, жалб қилинган ташқи қарз маблағларининг иқтисодий самарадорлиги паст бўлиб, давлат бюджетига ортиқча юк тушишига олиб келиши мумкин. Шу боис, лойиҳаларни бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, рақамлаштириш ва натижавийликка асосланган назорат механизмларини кучайтириш устувор вазифага айланиши лозим.


img