Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

12.05.2026

Маданият вазирлигига Ҳисоб палатаси вакили — Бош инспектор тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида давлат аудити ва молиявий назорат тизимини янада такомиллаштиришга бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир ПФ-252-сон Фармон ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди. Унда “аниқлаш эмас, олдини олиш” тамойилига асосланган мутлақо янги назорат модели шаклланаётгани алоҳида таъкидланди. Мазкур ёндашув молиявий қонунбузилишларнинг оқибатларини бартараф этишдан кўра, уларнинг келиб чиқиш сабабларини барвақт аниқлаш ва олдини олишга устувор аҳамият қаратишни назарда тутади.


Тадбирда вазирликнинг раҳбар ходимлари, шунингдек тизимга кирувчи 40 та ташкилотдан 60 нафардан ортиқ масъул раҳбар ва мутахассислар, жумладан бош ҳисобчилар, ички аудит ва комплаенс хизматлари вакиллари иштирок этди.


Семинар давлат молиявий назоратини янги босқичга олиб чиқиш, соҳага замонавий ёндашувларни жорий этиш ҳамда амалий механизмларни такомиллаштиришга қаратилди. Унда амалга оширилаётган ислоҳотлар, илғор тажрибалар ва янги назорат усуллари атрофлича муҳокама қилинди.


Тадбир давомида Ҳисоб палатасининг Маданият вазирлигидаги вакили — бош инспектор Ш.Мусалимов томонидан кун тартибидаги масалалар, жумладан, Президент фармонининг мазмун-моҳияти, янги жорий этилаётган механизмлар ҳамда давлат аудити тизимидаги устувор йўналишлар юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.


Қайд этилганидек, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида Ҳисоб палатасининг вакили — бош инспектор фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур институт давлат молиявий назоратини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.


Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ажратиладиган бюджет маблағлари жами 1 282,4 млрд сўмни ташкил этиб, шундан 970,5 млрд сўми (75,7 фоиз) тизим ташкилотларини сақлаш харажатларига, 267,0 млрд сўми (20,8 фоиз) ривожлантириш дастурларига ҳамда 44,8 млрд сўми (3,5 фоиз) объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга йўналтирилиши режалаштирилган.


Шунингдек, бюджет қонунчилиги бузилишларининг олдини олиш, молиявий хавфларни барвақт аниқлаш, давлат маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, давлат харидларида қонунийликни таъминлаш ҳамда коррупциявий омилларни камайтириш бўйича амалий тавсиялар берилди.


Тадбир якунида соҳадаги мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.


Шу билан бирга, бош инспекторлар институти, доимий мониторинг ва рақамли назорат тизимларини жорий этиш орқали ҳар бир бюджет маблағи устидан кучайтирилган назорат ўрнатилиши қайд этилди. Бу эса давлат маблағларининг манзилли ва самарали сарфланишини таъминлаш ҳамда шаффофлик даражасини оширишга хизмат қилади.


img