Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

23.05.2026

Тошкентда Давлат аудитини рақамлаштириш ва сунъий интеллектга бағишланган халқаро конференция тантанали равишда очилди

Тошкент шаҳрида “Аудит жараёнларини рақамлаштириш ва катта ҳажмли (Big Data) маълумотларни сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш” мавзусидаги халқаро конференциянинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур нуфузли халқаро тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига мувофиқ, Ҳисоб палатаси ташаббуси билан Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди ва давлат аудити соҳасида рақамли трансформация, сунъий интеллект ҳамда замонавий таҳлил воситаларини жорий этиш бўйича халқаро мулоқот майдонига айланди.


Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев иштирокчиларни қутлар экан, мазкур конференция давлат аудити соҳасидаги амалиётчилар ва илмий ҳамжамият учун муҳим тарихий воқеа бўлишини таъкидлади.


Қайд этилганидек, конференция Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлови ва эътибори остида ўтказилмоқда. Давлат раҳбари тадбир иштирокчиларини “менинг азиз меҳмонларим” дея эътироф этиб, уларга самимий тилакларини йўллагани маълум қилинди.


Тадбирда Осиё, Европа ва Яқин Шарқ давлатларининг олий аудит органлари делегациялари иштирок этмоқда. Жумладан, Хитой, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Япония, Озарбайжон, Арманистон, Бангладеш, Бутан, Миср, Қозоғистон, Қирғизистон, Уммон, Покистон, Венгрия, Латвия ва Чехия давлатлардан келган вакиллар конференция қатнашмоқда.


Шунингдек, тадбирда Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда халқаро аудит ва консалтинг соҳасининг етакчи ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.


Анжуман давомида давлат бошқарувида рақамли трансформация жараёнлари, аудит соҳасида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, катта ҳажмли маълумотларни таҳлил қилиш, масофавий аудит тизимлари, автоматлаштирилган назорат механизмлари ва киберхавфсизлик каби долзарб масалалар муҳокама қилинади.


Конференция “Ахборот технологиялари аудити: рақамли муҳитда ахборот тизимларини баҳолаш, рискларни бошқариш ва назорат механизмлари” ва “Давлат аудитида катта ҳажмли маълумотларни интеллектуал таҳлил қилишда мавжуд муаммолар ва инновацион ечимлар” мавзуларига бўлинган иккита параллел сессияларда давом этди.


Таъкидланганидек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект бугунги кунда давлат бошқаруви ва аудит тизимини тубдан ўзгартирмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистонда ҳам давлат хизматларини рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш ва самарадорликни оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.


Конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан амалга оширилаётган рақамли трансформация натижалари ҳам тақдим этилди. Хусусан, мамлакатимизда аудит жараёнларига Big Data таҳлили, машинали ўқитиш алгоритмлари ва рискларга асосланган масофавий аудит механизмлари жорий этилгани маълум қилинди.


Бугунги кунда Ҳисоб палатасида 817 та ахборот тизими модуллари ишга туширилган бўлиб, 55 та йўналиш бўйича 80 турдаги риск-таҳлиллар автоматик амалга оширилмоқда. Шунингдек, давлат харидлари соҳасида манфаатлар тўқнашуви ва шартнома ижроси билан боғлиқ рискларни аниқлашга хизмат қилувчи “HP-AI Audit-Assistant” сунъий интеллект платформаси ишга туширилгани қайд этилди.


Конференция иштирокчилари икки кун давомида илғор халқаро тажрибалар билан ўртоқлашиш, аудит соҳасида янги ёндашувларни муҳокама қилиш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олиш имкониятига эга бўладилар.


Эътиборлиси, мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тарихида АЗОСАИ ва ИНТОСАИ доирасида давлат аудитида рақамлаштириш ва сунъий интеллект мавзусига бағишланган шундай кенг қамровли халқаро форматда илк бор ташкил этилмоқда.


img-0
img-1img-2