Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

30.04.2026

Умумтаълим мактабларининг хорижий тил ўқитувчилари билан таъминланиши ва бу бўйича ажратилган маблағларнинг самарадорлиги

Ҳисоб палатаси томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактабларининг хорижий тил ўқитувчилари билан таъминланиши ҳамда уларга ажратилган маблағларнинг самарадорлиги масофавий тарзда таҳлил қилинди.

Таъкидлаш жоизки, 2023/2024 ўқув йили якунида хорижий мутахассислар жалб этилган 500 та мактабда ўқувчиларнинг хорижий тил ўзлаштириш бўйича билим даражаси ўртача 5 фоиздан 15 фоизга ошган.


Мазкур давр мобайнида 8 951 нафар ўқувчи халқаро тил сертификатига эга бўлиб, 2023 йилга нисбатан (5 296 нафар) 1,4 бараварга ошган.


Таҳлилларда эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда айрим муаммо ва камчиликлар қайд этилган. Хусусан:


-2024-2025 йилларда хорижий ўқитувчилар жалб қилинган айрим мактабларда таълим сифатини ошириш мақсадига тўлиқ эришилмаган;


Масалан, 2024/2025 ўқув йилида хорижий мутахассислар дарс берган пойтахт ҳамда вилоятлардаги жами 33 та мактабнинг ўқувчилари хорижий тил билиш сертификатига эга эмас ёки бу кўрсаткич жуда паст (1 нафар).


-республикадаги 16 та мактабда хитой, ҳинд, араб, япон ва испан тилларини чуқурлаштириб ўргатадиган 156 та синф мавжуд бўлсада, ушбу мактабларга хорижий мутахассислар етарлича жалб этилмаган;


-“Astrum Certified IT Educator” сертификатини тақдим этаётган

“Bilim tech МЧЖ” миллий тест синовларини ташкил этиш ва таълим сифатини баҳолаш ҳуқуқига эга бўлмасада унинг сертификатлари устама ҳақлари тўланишида ҳисобга олинмоқда;


-“ERP.maktab.uz” тизимида “APTIS for Teachers” ва “TRKI” халқаро сертификатларининг ҳақиқийлиги ва амал қилиш муддатини автоматик текшириш, шунингдек, хорижий тил учун устама миқдорларини аниқлаш функцияси яратилмаганлиги сабабли устама тўловларини инсон омили иштирокида нотўғри ҳисоб-китоб қилиш ҳолатлари мавжуд;


-умумтаълим мактабларининг педагог ходимларига амал қилиш муддати тугаган сертификатлари учун устама ҳақи ортиқча тўланганлиги бўйича 3,8 млрд сўмлик шубҳали (риск) тўловлар аниқланиб, улар бўйича ҳақиқий ҳолатга аниқлик киритиш учун вазирлик ички аудит хизматига юборилди.


Аудит натижаларига кўра ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларининг самарадорлигини янада ошириш юзасидан қатор амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.


 Хусусан:

1.Хорижий мутахассислар билан шартнома тузишда мақсадли кўрсаткичларни кўзда тутиш ва мутахассислар фаолиятини натижавийликка йўналтириш. Бунда:


– таълим ташкилотларига жалб қилинаётган хорижий мутахассисларга аниқ натижаларга эришиш бўйича KPI кўрсаткичларини белгилаш;


– хорижий мутахассислар жалб қилинган мактабларда таълим сифатини баҳолаш ва унинг натижаси бўйича улар билан ҳамкорлик истиқболларини қайта кўриб чиқиш.


2.ERP.maktab.uz” тизимида сертификатларнинг электрон реестрини жорий этиш ҳамда тил билиш сертификати учун устама миқдорларини инсон омилисиз автоматик белгилаш имкониятини яратиш.


3.Умумтаълим мактабларида информатика ўқитувчиларига устама ҳақлари тўлашда таълим сифатини баҳолаш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар томонидан берилган сертификатлар асосида тўлаш.


4.Маҳаллий баркамол авлод марказларида, мактаблар ёки бошқа муассасаларда хорижлик мутахассислар ҳамда маҳаллий устозлар иштирокида хорижий тилни самарали ўрганиш доирасида қуйидаги “тинглаш”, “гапириш”, “ўқиш” ва “ёзиш” каби тўрт йўналиш бўйича амалий машғулотларни ривожлантириш борасида “Маҳаллий тил бурчаклари” ташкил этиш шулар жумласидандир.


Аудит жараёнида соҳада қайд этилган муаммолар ва аниқланган камчиликлар вазирлик масъуллари иштирокида муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўйилишини олдини олиш мақсадида вазирликга тегишли кўрсатма юборилди. 

img