Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

30.10.2025

ХХV ИНКОСАИ доирасида Ҳисоб палатаси делегациясининг икки томонлама учрашувлари бўлиб ўтди

2025 йилнинг 27-31 октябрь кунлари Миср Араб Республикасининг Шарм аш-Шайх шаҳрида ХХV ИНТОСАИнинг конгресси – ИНКОСАИ тадбир ва учрашувларга бой бўлди.

Бутун дунё аудиторлар ҳамжамиятини жамлаган ушбу Конгресс доирасида Ўзбекистон Ҳисоб палатаси делегацияси қатор муҳим икки томонлама учрашувлар ўтказди.


Жумладан, Хитой, Саудия Арабистони, Венгрия, БАА, Чехия, Словакия, Туркия, Эрон, Латвия, Эстония, Озарбайжон, Қозоғистон Олий аудит органлари раҳбарлари ҳамда ИНТОСАИ Бош Котиби ва ИНТОСАИ Таррақиёт дастури (IDI) раҳбари билан самарали учрашувлар бўлиб ўтди.  


Ушбу учрашувлар давомида давлат аудитини рақамлаштириш, сунъий интеллект ва катта маълумотлар технологияларидан фойдаланиш, халқаро тажрибаларни жорий этиш масалалари муҳокама қилиниб, ҳамкорлик йўналишлари белгиланди.


Саудия Арабистони, Словакия ва Латвия билан яқин ойларда икки томонлама Ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар имзолашга келишилди.


ИНТОСАИ Тараққиёт дастурининг донори бўлган Саудия Арабистони Олий аудит органи раҳбари д-р Хуссам Алангари билан ахборот технологиялари ва сунъий интеллектни Ўзбекистон Ҳисоб палатаси фаолиятига кенгроқ жорий қилиш борасида амалий ҳамкорликни жадаллаштириш бўйича келишилди.


Словакия Олий аудит органи раҳбари Любомир Андраши томонидан муносабатларни кўп томонлама форматга олиб чиқиш таклифи билдирилди. Словакия, Венгрия, Чехия ва Польша давлатларидан иборат “Вишеград гуруҳи” билан ҳамкорлик қилиш ва ушбу гуруҳнинг Марказий Осиё билан алоқаларида Ўзбекистон Ҳисоб палатасига “элчилик” вазифасини юклатиш қайд этилди.


Хитой Бош аудитори (АЗОСАИ Бош котиби) Хоу Каи билан ўзаро муносабатларни чуқурлаштириш бўйича самарали учрашув бўлиб ўтди. Унда 2026 йилда Самарқанд шаҳрида АЗОСАИ давлатлари Олий аудит органларининг “Ёш аудиторлари” учун ахборот технологиялари аудитига бағишланган халқаро анжуманни ташкил қилиш бўйича келишувга эришилди. 


Чехия Республикаси Олий аудит органи раҳбари Милослав Кала билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Чехия Республикаси Олий аудит органининг Давлатнинг акциялардаги улушини бошқариш, ҳудудий таълим тизимини баҳолаш, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги тадқиқотларга ажратилган маблағлар аудитини ўрганиш каби соҳаларда ўзаро амалий ҳамкорлик қилиш белгиланди.


Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Олий аудит органи делегацияси билан ҳам учрашув бўлиб, унда ахборот технологиялари ва рақамлаштириш соҳасида тажриба алмашиш масалалари қайд этилди. 


Конгресс доирасида, шунингдек, Қозоғистон Республикаси Олий аудит органи билан Англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат икки давлат Олий аудит органлари ўртасида маълумотлар алмашинуви, ўқув дастурларини амалга ошириш, аудит методологияларини ҳамкорликда ишлаб чиқиш ҳамда рақамли аудит соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади.


Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси делегациясининг Мисрга ташрифи самарали ўтиб, унда давлат аудитини ўтказиш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва рақамлаштириш борасида янги билим ва кўникмаларга эга бўлиш имконини берди ва ИНТОСАИ, МДҲ, АЗОСАИ, ЭКОСАИга аъзо давлатлар Олий аудит органлари билан ўзаро мулоқотнинг кейинги устувор йўналишлари белгилаб олинди.  



img-0
img-1img-2