29.10.2025
ХХV ИНКОСАИ доирасида МДҲ йиғилиши бўлиб ўтди
Таъкидланганидек, 2025 йилнинг 27-31 октябрь кунлари Миср Араб Республикасининг Шарм аш-Шайх шаҳрида ХХV ИНТОСАИнинг конгресси – ИНКОСАИ бўлиб ўтди.

Унинг доирасида МДҲ давлатлари Олий аудит органлари раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Арманистон, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия Федерацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий аудит органлари раҳбарлари иштирок этди.
Ушбу Кенгаш 2000 йилдан бери мавжуд бўлиб, у 2 йилда бир маротаба МДҲ давлатлари Олий аудит органлари иштирокида давлат аудити мавзусига бағишланган муҳокамалар ташкил этади.
2025 йилги Кенгаш йиғилишининг мавзуси – “Давлат аудити жараёнларида рақамли трансформация: рисклар, имкониятлар ва инновацион ёндашувлар”.
Ушбу мавзуни танлаш тасодифий эмас. Рақамли давлат аудити механизмларини жорий этиш бугунги кунда давлат молиясини самарали бошқаришнинг пойдевори ҳисобланади.
Йиғилишда МДҲ давлатлари Олий аудит органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, рақамлаштириш соҳасида тажриба алмашинувини тизимлаштириш, замонавий аудит усулларини жорий этиш бўйича келишувларга эришилди.
МДҲга аъзо давлатлар Олий аудит органлари учун давлат аудити стандартларини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳнинг фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этилди. Ушбу Ишчи гуруҳ томонидан тасдиқланган услубий ҳужжатларни тасдиқлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Бу йилги йиғилишда МДҲ давлатлари Олий аудит органлари раҳбарларининг Кенгашига 2025-2027 йилларда раислик қилиш ваколати расман Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев глобал миқёсда рақамли аудит тизимини ривожлантириш тенденцияларига урғу бериб, Ўзбекистонда ахборот технологиялари ва рақамлаштириш соҳасидаги трансформациялар ҳақида ахборот берди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг “Масофавий аудит маркази” фаолияти бўйича маълумот берилди. Хусусан, катта маълумотлар орқали риск таҳлилларини автоматлаштириш ва аудит қарорини қабул қилишда сунъий интеллект алгоритмларидан фойдаланиш бўйича амалий натижалар тақдим этилди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан Резолюция ва Қарор қабул қилинди. Иштирокчи давлатлар аудит фаолиятини амалга оширишда замонавий рақамли технологиялар ва маълумотларни таҳлил қилиш усулларининг муҳим ролини таъкидладилар. Улар юқори сифатли ва кенг қамровли маълумотларга асосланган рақамли аудитнинг инновацион ёндашувларини ишлаб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб олдилар.
Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, аудит ва эксперт таҳлили фаолияти давомида таҳлил кўлами ва чуқурлигини ошириш бўйича ишлар давом эттирилади.
Томонлар аудит объектларининг маълумотлар базаларига киришни кенгайтириш орқали масофавий аудитдан фойдаланишни рағбатлантиришни қайд этдилар.
2026 йилнинг куз ойларида Самарқанд шаҳрида “Давлат аудити жараёнларини рақамлаштириш ва сунъий интелектдан фойдаланиш” мавзусида кўп томонлама илмий-амалий конференция ўтказишга келишилди.
Ушбу Кенгаш йиғилиши МДҲга аъзо давлатлар Олий аудит органлари ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқди.



Бошқа янгиликлар
Давлат бюджети маблағларининг самарали сарфланиши устидан назорат ўрнатишга оид семинар
180
23.02.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_6f6323e95487361fe5d47b45.jpg)
ХХV ИНКОСАИ доирасида Ҳисоб палатаси делегациясининг икки томонлама учрашувлари бўлиб ўтди
1663
30.10.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_e982de687472fc803edf05cc.jpg)
2026 ЙИЛ МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТЛАРИНИ МУҲОКАМА ҚИЛИШДА ҲИСОБ ПАЛАТАСИ ХУЛОСАЛАРИ ТАҚДИМ ҚИЛИНМОҚДА
1385
28.12.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_48566d33c405db9a740c1a5d.jpg)
БАЙРАМ ТАБРИГИ
2061
04.12.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_4e5e94d31f5bcec320360868.jpg)
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан табрик
2352
29.09.2025