Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

13.02.2025

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ҳисоб палатаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.

Мазкур меморандум мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш, давлат маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, давлат молиявий назорати ҳамда ташқи аудит тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органлари ўртасидаги институционал ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинди.


Меморандумга мувофиқ, томонлар коррупция хавфларини аниқлаш ва бартараф этиш, давлат молияси ва бюджет маблағларидан фойдаланишда шаффофлик ҳамда ҳисобдорликни таъминлаш, коррупцияга қарши ички назорат механизмларини такомиллаштириш, таҳлилий ва профилактик тадбирларни амалга ошириш йўналишларида яқин ҳамкорлик қилади.


Ҳужжат доирасида қуйидаги асосий йўналишларда ҳамкорлик амалга оширилади:


коррупцияга қарши курашиш соҳасида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш;


коррупция хавфларини баҳолаш ва таҳлил қилиш бўйича ҳамкорлик қилиш;


ташқи аудит ва назорат тадбирлари натижалари асосида коррупция омилларини бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;


давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тизимларини такомиллаштириш бўйича амалий чораларни ишлаб чиқиш;


қўшма ўрганишлар, таҳлиллар, семинарлар, ўқув машғулотлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш;


коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро тажрибани ўрганиш ва уни миллий амалиётга татбиқ этиш;


давлат хизматчиларида коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот ва профилактика ишларини амалга ошириш.


Шунингдек, меморандум томонлар ўртасида мунтазам маълумот ва таҳлилий материаллар алмашиш, қўшма ишчи гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда ўзаро манфаатли бошқа йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратади.


Мазкур ҳамкорлик давлат молиявий назорати тизими очиқлиги ва самарадорлигини янада ошириш, давлат маблағларидан қонуний ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш, коррупция омилларини барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчил давом эттирилишига хизмат қилади.


Меморандум имзоланган кундан бошлаб кучга кирди ҳамда томонларнинг ўзаро келишуви асосида коррупцияга қарши курашиш соҳасида узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

img