Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

12.03.2026

Стратегик давлат корхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича йиғилиш ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2025 йил 27 октябрда ўтказилган йиғилишда давлат корхоналарида таннархни камайтириш ва самарадорликни ошириш бўйича берилган топшириқлар асосида 2025 йил 18 ноябрда Ф-59-сонли фармойиш билан Ҳисоб палатаси бошчилигида тузилган республика комиссияси томонидан мазкур йўналишда тегишли ишлар давом эттирилмоқда.

Шунингдек, Давлат раҳбари томонидан 2026 йил 11 мартда йирик стратегик давлат корхоналарининг бизнес-режаси ижроси, таннархни камайтириш ва самарадорликни ошириш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.


Шу муносабат билан, 13 март куни Ҳисоб палатасида 20 та йирик давлат корхоналари (Давактив агентлиги, “Uz Assets” АЖ ва бошқалар) раҳбарлари иштирокида муҳокамалар ташкил этилди.


Муҳокамада, Давлат раҳбарининг 11 март кунидаги йиғилиш ҳамда Оҳангарон туманига ташрифидаги топшириқлари ижросини таъминлаш, шунингдек республикаси комиссияси томонидан мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар юзасидан масалалар ўрганилди.


Тадбирда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М.Абдуллаев ушбу Фармойиш ижроси бўйича амалга оширилган тадбирлар бўйича маълумот берди.


Таъкидланганидек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва тармоқлар билан биргаликда 20 та корхонанинг 2026 йил учун бизнес-режаси ҳамда харажатлар ва таннархни қисқартириш дастурининг тасдиқланиши таъминланди.


Йиғилиш иштирокчиларига бизнес-режа ва таннархни камайтириш дастури ижроси “Ўзкимёсаноат” АЖнинг “Ягона рақамли платформа” ва “Ягона ғазначилик” ахборот тизимлари мисолида намойиш этилди.


Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган “Ягона миллий лойиҳа бошқаруви” ахборот тизимидан фойдаланиш имконияти ва самарадорлиги кўрсатилди.


Иштирокчиларга тизимларнинг ишлаб чиқариш жараёнига интеграцияси, онлайн мониторинг, ҳисоб-китобларни автоматлаштириш ва харидлар шаффофлигини таъминлашдаги афзалликлари батафсил тушунтириб берилди.


Йиғилишда давлат корхоналарида замонавий ахборот тизимларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, давлат харидлари устидан мониторингни кучайтириш мақсадида Масофавий аудит автоматлаштирилган ахборот тизимида “FINCONTROL” модули жорий этилди.


Мазкур модул орқали корхоналар фаолиятидаги молиявий жараёнлар мониторинг қилиниб, харажатлар самарадорлиги таҳлил қилинади. Қайд этилганидек, мониторинг жараёни жазо чораларини қўллаш эмас, балки муаммоларни барвақт аниқлаш, таҳлил қилиш ва асосланган қарорлар қабул қилишга хизмат қилади.


Тадбир интерактив форматда ўтди.


Йиғилиш якунида стратегик давлат корхоналари раҳбарларига қатор аниқ вазифалар юклатилди. Хусусан, 2026 йил учун бизнес-режа кўрсаткичларини тўлиқ таъминлаш, “Ягона ғазначилик” ва “Молиявий модель” ахборот тизимларини жорий этиш, давлат харидларида шаффофликни кучайтириш ҳамда инвестиция лойиҳалари ижросини рақамли платформалар орқали доимий мониторинг қилиб бориш вазифалари белгиланди.


Шунингдек, UzAssets ва Давлат активларини бошқариш агентлигига корхоналар кузатув кенгашлари билан биргаликда бизнес-режалар ижроси устидан назоратни кучайтириш топширилди.


Йиғилишда давлат раҳбари томонидан берилган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, стратегик корхоналарда самарадорликни ошириш ҳамда давлат ресурсларидан оқилона фойдаланиш устувор вазифа экани алоҳида таъкидланди.


img-0
img-1img-2