Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

30.04.2026

Ҳисоб палатаси 2025 йил якунлари бўйича ҳисоботини эълон қилди

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан 2025 йилги фаолияти якунлари бўйича ҳисобот тайёрланди. 

Мазкур ҳисоботда давлат молиявий назоратини амалга ошириш, бюджет маблағларининг қонуний ва самарали сарфланишини таъминлаш ҳамда иқтисодиётдаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш борасида эришилган муҳим натижалар ёритилди.


Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда давлат аудити тизими тубдан трансформация қилиниб, Ҳисоб палатаси фаолияти “молиявий тафтишчи” моделидан стратегик таҳлил ва самарадорликни баҳоловчи замонавий институт даражасига кўтарилди.


Бунда асосий эътибор бюджет маблағларининг нафақат сарфланиши, балки уларнинг ижтимоий-иқтисодий натижадорлигига қаратилди.


2025 йилда амалга оширилган назорат тадбирлари натижасида:


-8,1 трлн сўм бюджет харажатлари мақбуллаштирилди;


-1,1 трлн сўмлик ноқонуний харажатларнинг олди олинди;


-бюджет даромадларини ошириш бўйича 7,6 трлн сўмлик қўшимча манбалар аниқланди;


-ташқи қарзлар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларда 5,7 трлн сўм иқтисод қилиш имкониятлари белгиланди.


Ҳисобот йилида жами 93 та аудит ва ўрганиш тадбирлари ҳамда 62 та тематик таҳлиллар амалга оширилибди.


Аудит ва таҳлиллар натижасида 7,7 трлн сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди ҳамда 2 трлн сўмдан ортиқ маблағларнинг давлат бюджетига қайтарилиши таъминланди.


 Ҳисобот йилида, рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан:


-“Масофавий аудит” ахборот тизими орқали 75 та вазирлик ва идоранинг 259 та маълумотлар базаси интеграция қилинди;


-Сунъий интеллект технологиялари ёрдамида давлат харидлари соҳасида 83 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилди.


Шунингдек, аудит тадбирларининг 50 фоиздан ортиғи масофавий шаклда амалга оширилиб, бу назорат самарадорлигини янада ошириш имконини берди.


Ҳисоб палатаси томонидан давлат бюджети лойиҳалари ҳамда уларнинг ижроси юзасидан берилган хулосалар асосида 2026 йил бюджет параметрлари такомиллаштирилди, ортиқча харажатлар қисқартирилди ва молиявий интизомни мустаҳкамлашга қаратилган қатор таклифлар амалиётга жорий этилди.


Халқаро ҳамкорлик доирасида Хитой, Германия, Япония, Туркия ва бошқа давлатларнинг олий аудит органлари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди. Шунингдек, Ҳисоб палатаси INTOSAIнинг “Big Data” ишчи гуруҳига аъзо бўлди.


Шу билан бирга, тиббиёт, таълим, давлат харидлари, ташқи қарзлар ва инфратузилма лойиҳаларида аниқланган тизимли муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ҳам баён этилган.


Ҳисоботда, маҳаллий бюджетларнинг 2024 йилги ижроси ҳамда 2026 йил учун лойиҳалар юзасидан Ҳисоб палатаси томонидан тақдим этилган хулосалар муҳокамасига ҳам батафсил тўхталиб ўтилган.


 Хусусан, маҳаллий бюджетларни шакллантиришда йўл қўйилаётган камчиликлар, даромад ва харажатларни режалаштиришдаги номутаносибликлар, шунингдек, қонунчиликдаги ўзгаришларни тўлиқ инобатга олмаслик ҳолатлари аниқлангани қайд этилган.


Берилган таклиф ва тавсиялар асосида маҳаллий бюджетларнинг параметрлари қайта кўриб чиқилиб, даромад базасини кенгайтириш, харажатларни мақбуллаштириш ҳамда ҳудудларда молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган чоралар амалга оширилди.


Аудит тадбирлари натижасида аниқланган тизимли муаммолар, мавжуд тўсиқлар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар ҳамда уларнинг амалий натижалари юзасидан бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, давлат харидларида шаффофликни таъминлаш, ички назорат механизмларини кучайтириш ҳамда соҳалар кесимида тизимли камчиликларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилиб, уларнинг аксарияти амалиётга жорий этилди.


Натижада, қонунбузилишларнинг олдини олиш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш ва бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга эришилди.


Ҳисобот йилида олиб борилган аудит тадбирларида аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этиш, келгусида олдини олиш ва йўл қўймаслик мақсадида жами 40 тага яқин меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқиш таклифлари киритилди.


Ушбу таклифлар асосида 26 та қонунчилик ҳужжати такомиллаштирилди, турли идораларнинг 21 та ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилиниб, улардаги инсон омили камайтирилди.


Ҳисоб палатаси келгусида ҳам давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш, рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш ва ислоҳотлар самарадорлигини оширишга қаратилган ишларини изчил давом эттиради.


Ҳисоб палатасининг 2025 йил учун ҳисоботи илова қилинади



img