Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

18.08.2026

Ўзбекистон Ҳисоб палатаси делегацияси Латвия Республикаси Сеймига ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М.Абдуллаев бошчилигидаги делегация Латвия Республикаси Сеймига ташриф буюриб, Сейм раиси Дайга Миериня билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги парламентлараро муносабатларни янада ривожлантириш, давлат молиявий назорати ва парламент назорати соҳаларида тажриба алмашиш, шунингдек, икки мамлакат олий аудит органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.


Мулоқот аввалида М. Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси Танзила Нарбаева номидан самимий саломларни етказди ҳамда Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги парламентлараро муносабатлар сўнгги йилларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.


Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Латвия Республикаси Сейми ўртасидаги муносабатлар ўзаро меморандумлар, парламентлараро дўстлик гуруҳлари ва халқаро ташкилотлар доирасидаги мулоқотлар асосида ривожланиб келмоқда. Икки мамлакат парламентлари аъзолари иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунчилик тажрибаси билан ўзаро алмашиб келмоқда.


Учрашувда парламентлараро мулоқотни савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш билан уйғунлаштириш муҳимлиги қайд этилди. Хусусан, Латвиянинг транзит ва логистика салоҳиятидан самарали фойдаланиш, Ўзбекистон маҳсулотларини Европа бозорларига олиб чиқиш, таълим, туризм, меҳнат миграцияси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.


М. Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон”ни барпо этиш доирасида давлат бошқаруви ва давлат молиявий назорати тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли трансформациялар ҳақида маълумот берди. Хусусан, Ҳисоб палатаси фаолияти халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилаётгани, самарадорлик, мувофиқлик, рискларга асосланган ва рақамли аудит йўналишлари изчил ривожлантирилаётгани таъкидланди.


Айниқса, аудит жараёнларида ахборот технологиялари, сунъий интеллект ва катта ҳажмли маълумотлардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Бу орқали давлат маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ хавфларни олдиндан аниқлаш, назорат тадбирларининг самарадорлигини ошириш ва профилактик ёндашувларни кучайтиришга эришилмоқда.


Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Олий Мажлис ўртасидаги ҳамкорлик масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, Ҳисоб палатаси ҳар йили ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этади, Давлат бюджети лойиҳаси бўйича хулосалар беради ҳамда бюджет ижроси ва давлат маблағларидан мақсадли фойдаланишни аудитдан ўтказади.


Шунингдек, давлат молиявий назорати ва бюджет жараёнига оид қонунчилик базасини такомиллаштиришда парламент билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутиши таъкидланди.


Ўзбекистон ва Латвия Олий аудит органлари ўртасидаги ҳамкорлик учрашувнинг алоҳида йўналишларидан бири бўлди. Латвия Республикаси Давлат аудит идораси Ўзбекистон Ҳисоб палатасининг энг яқин хорижий ҳамкорларидан бири экани қайд этилди.


Икки олий аудит органи ўртасида Ҳамкорлик келишуви ва амалий ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси имзоланган. 2025 йил декабрь ойида Латвия Бош аудитори Эдгарс Корчагинснинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида ҳам мазкур ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор келишувларга эришилган.


Мулоқот давомида Латвия Давлат аудит идорасининг аудит натижаларини парламент ва ҳукуматга тақдим этиш, уларни очиқ эълон қилиш ҳамда давлат аудити натижаларидан бюджет жараёнида фойдаланиш бўйича тажрибаси алоҳида қизиқиш уйғотиши таъкидланди.


Томонлар олий аудит органларининг миллий қонунчиликни такомиллаштиришдаги ролини кучайтириш, парламент ва ташқи аудит институтлари ўртасидаги ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш бўйича ўзаро тажриба алмашиш муҳимлигини қайд этдилар.


Учрашув якунида Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги парламентлараро муносабатларни, шунингдек, давлат аудити ва молиявий назорат соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлик билдирилди.


img