Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

28.10.2025

Келгуси йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар ва давлат буджети параметрлари муҳокама қилинди

Давлатимиз Раҳбари ҳузурида 2025 йилда иқтисодиётда кутилаётган натижалар ва 2026 йил учун мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди

Жорий йил 27 октябрь куни Давлатимиз Раҳбари ҳузурида 2025 йилда иқтисодиётда кутилаётган натижалар ва 2026 йил учун мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда жорий йил ўтган 9 ойида иқтисодиётимиз 7,6 фоизга ўсиб, жараён прогноздан анча юқори суръатда бораётгани, олтин-валюта захиралари ўтган йилга нисбатан 35 фоизга кўпайиб, 55 миллиард долларга етгани таъкилдланди.

Шунингдек, Давлатимиз Раҳбари аҳоли даромадлари 18,4 фоизга, омонатлар 35,3 фоизга, ўртача иш ҳақи эса 19,2 фоизга ўсганини қайд этиб,

барча ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши кераклигини алоҳида кўрсатиб ўтдилар.

Шу билан бирга, Давлатимиз Раҳбари юқори ўсиш суръатларини йил якунигача сақлаб қолиш, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 135 миллиард доллардан ошириш лозимлигини таъкидлаб, бюджет интизомини таъминлаш, даромадларни кўпайтириш ва харажатлар устидан қатъий назорат ўрнатиш бўйича иқтисодий комплексга, шу жумладан Ҳисоб палатасига бир қатор кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни белгилаб бердилар.

Хусусан, Ҳисоб палатаси стратегик ташкилотларда харажатлар, операцион сарфлар ва ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги бўйича ўрганишлар ўтказиб самарасиз харажатларни қисқартириш чораларини кўради.

Стратегик корхоналарга бизнес-режаларини тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатилади. Бунда, Ҳисоб палатаси томонидан ташкилотлар билан ҳамкорликда бизнес-режалар танқидий таҳлил қилинади, фойда ва харажат прогнозлари кўрилади, харажатларни камайтириш бўйича чоралар белгиланиб, ижроси мунтазам равишда мониторинг қилинади.

Бундан ташқари, йирик солиқ тўловчиларнинг бюджетга дивидендлар тўлаш мажбуриятларини тўлиқ амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилиб, давлат даромадларини кўпайтириш ва молиявий интизомни мустаҳкамлаш борасида вазифалар бажарилади.

Шу билан бирга, Давлат Раҳбарининг топшириғига асосан бюджетдан кўп маблағ олувчи 22 та вазирлик ва идора ҳамда маҳаллий ҳокимликларда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилиш бўйича янги тизим ишга туришилади.

Давлат Раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар доирасида бюджет назоратида рақамли трансформация, автоматлаштирилган аудит ва таҳлил тизимлари жорий этилади.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз йиғилишда белгилаб берган режалар ва вазифалар Давлат маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланишини таъминлашга, юқори ўсиш суръатлари шароитида молиявий назорат ва ҳисоботликлик орқали иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

img-0
img-1