01.02.2026
Ҳисоб палатаси ташқи меҳнат миграцияси соҳасида аудит ўтказди
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан Миграция агентлигининг ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги фаолияти ҳамда мазкур йўналишга йўналтирилган маблағлар самарадорлиги юзасидан ташқи аудит ўтказилди.

Аудит жараёнида сўнгги йилларда ташқи меҳнат миграциясида иштирок этаётган фуқаролар сони барқарор камайиб боргани, шу билан бирга меҳнат миграцияси йўналишлари диверсификация қилингани қайд этилди. Хусусан, миграция географиясида сезиларли ўзгаришлар кузатилиб, анъанавий йўналишлар улуши пасайган, Европа, Осиё ва Яқин Шарқ давлатлари билан ҳамкорлик кенгайган.
Миграция агентлиги томонидан хорижий давлатлар билан ҳукуматлараро келишувлар доирасида ишга жойлашиш каналлари кенгайтирилган бўлиб, Германия, Кувайт, Франция, Жанубий Корея, Италия, Буюк Британия, Япония ва Швеция каби давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, аудит давомида Агентлик томонидан хорижга вақтинча меҳнат фаолиятига юборилаётган фуқаролар ҳисоби, ахборот тизимларидаги маълумотлар ишончлилиги ҳамда ишга жойлаштириш жараёнларини ташкил этишда қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди. Айрим ҳолатларда хорижга чиқмаган фуқаролар ахборот тизимларида меҳнат мигрантлари сифатида ҳисобга олингани қайд этилди.
Агентлик ва унинг хориждаги ваколатхоналари томонидан фуқароларга ҳуқуқий, ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилган бўлса-да, иш ўринларини аниқлаш ҳамда фуқароларни ташкиллаштирилган тарзда хорижга ишга жойлаштириш самарадорлиги етарли даражада таъминланмаган.
Шунингдек, хорижга ишга юбориш хизмати учун тўловлар ундирилган, бироқ амалда ишга жойлаштирилмаган фуқаролар бўйича қайтарилиши лозим бўлган маблағлар шакллангани аниқланди.
Аудит натижаларига кўра, ташқи меҳнат миграцияси соҳаси бошқарув тизимида манфаатлар тўқнашуви хавфи мавжуд экани, хусусий бандлик хизматлари ривожи ҳамда соғлом рақобат учун етарли шарт-шароитлар тўлиқ шаклланмагани қайд этилди.
Шунингдек, талабаларни мавсумий ишларга юбориш билан боғлиқ дастурлар устидан мониторинг ва назорат механизмларининг чеклангани ҳам меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятларини қисқартирмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ташқи меҳнат миграциясини бошқаришда илмий асосланган таҳлил ва ўрта ҳамда узоқ муддатли прогнозлар етарли даражада ишлаб чиқилмаган. Демографик жараёнлар, таълим тизими ва ташқи меҳнат бозори ўртасидаги боғлиқликни инобатга олган ҳолда истиқболли режалаштириш зарурати мавжуд.
Ўтказилган ташқи аудит якуни бўйича Ҳисоб палатаси томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ҳисоб ва назорат тизимини такомиллаштириш, ахборот базаларини ишончли қилиш ҳамда ташқи меҳнат миграцияси соҳасида бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Бошқа янгиликлар
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_1c058345392d808abf76d45c.jpg)
Банклар иштирокида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилиш борасида амалга оширилган ишлар ўрганилди
2081
10.09.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_b802463fa079e7fe3e4fc61c.jpg)
Туркий давлатлар Олий аудит органлари ташкилоти (TURKSAI) га асос солинди
1513
23.11.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_1ca624ef97a77e573f046641.jpg)
Ўзбекистонда давлат аудити соҳаси учун янги авлод кадрларини тайёрлаш тизими йўлга қўйилади
170
20.05.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_d2a2673bdef33bed336fd3a2.jpeg)
Ҳисоб палатаси делегацияси ХХV ИНКОСАИда иштирок этди
1255
28.10.2025
Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан мақсадли индикаторлар бажарилишини ўрганиш натижалари
461
15.04.2026