Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

16.06.2026

“Ўзаэронавигация маркази“ фаолияти самарадорлиги: таҳлиллар, муаммолар ва таклифлар.

Ҳисоб палатаси томонидан “Ўзаэронавигация маркази” МЧЖ (кейинчалик Марказ деб юритилади) фаолиятининг самарадорлиги, молиявий барқарорлиги ҳамда корпоратив бошқарув тизими юзасидан таҳлил ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, Марказ республикамиздаги фуқаро авиацияси соҳасида аэроновигация хизматларини кўрсатувчи стратегик аҳамиятга эга ягона ташкилот ҳисобланади.


Марказ фаолиятининг асосий йўналиши Ўзбекистон ҳаво ҳудудида ҳаво ҳаракатини самарали бошқариш, аэронавигация хизматларини кўрсатиш ҳамда парвозлар хавфсизлигини таъминлашдан иборат.


Хусусан, 2023 йилда жами 187,9 мингта ҳаво кемасига хизмат кўрсатилиб, режа 130 фоизга бажарилган бўлса, 2024 йилда ушбу кўрсаткич 255,8 мингтани ва 2025 йилда эса 271,6 мингтани ташкил этган.


Шу билан бирга, Марказ томонидан янги ҳаво йўлакларини очиш ва транзит парвозлар ҳажмини ошириш бўйича ишлар изчил давом этмоқда.


Таҳлил давомида фаолиятга оид айрим камчиликлар қайд этилди. Хусусан:


-республика ҳаво ҳудудидаги мавжуд инфратузилма имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаган;


-Марказ молиявий кўрсаткичларида ижобий ўсиш динамикаси кузатилган бўлсада, дебитор қарздорлик ва мажбуриятлар ошиши молиявий барқарорликка муайян таъсир кўрсатган.


Хусусан, 2023–2025 йилларда даромадлар динамикаси ўсишни кўрсатган бўлсада, 2025 йилда соф фойда 2024 йилга нисбатан 49,1 млрд сўмга (12,5%) ва рентабеллик 42,7 фоиздан 35,6 фоизгача пасайган.


Мазкур ҳолатга харажатлар ва инвестицион юкламаларнинг ортиши, дебитор ҳамда кредитор қарздорлик ҳажмининг кўпайиши таъсир кўрсатган;


-Марказнинг корпоратив бошқарув, ички аудит, комплаенс ва KPI тизимларини янада такомиллаштириш ва фаолиятни самарали ташкил этишни тақозо этади.


Ўрганиш натижасида аниқланган муаммо ва камчиликлар бўйича бир қатор амалий таклифлар ишлаб чиқилди ва амалий ёрдамлар кўрсатилди: Жумладан:


-Марказ ташкилий тузилмаси ва штат бирликларини функционал юкламалар асосида оптималлаштириш, шунингдек молиявий назоратни кучайтириш мақсадида бухгалтерия ва ғазначилик бўлинмаларини алоҳида тузилма сифатида шакллантириш;


-Кузатув кенгаши ва ички аудит хизмати орқали корпоратив назорат механизмларини кучайтириш;


-Харид жараёнларида коррупция ва манфаатлар тўқнашуви хавфларини баҳолаш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг олдини олишга қаратилган самарали механизмни жорий этиш каби таклифлар шулар жумласидандир.


Таъкидлаш жоизки, таҳлил давомида Марказда молиявий режалаштириш ва назорат жараёнларини рақамлаштириш мақсадида “Ягона ғазначилик” ахборот тизимини жорий этиш бўйича амалий ишлар бошланди.


Шунингдек, 21 млрд сўмлик дебитор ва кредитор қарздорлик қисқартирилиб, 11 млрд сўмлик ҳисобланмаган солиқларни бюджетга ундирилиши таъминланди.


Таҳлилий ўрганиш натижалари масъуллар иштирокида муҳокама қилиниб, уларни бартараф этилиши ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди ҳамда зарур чора-тадбирлар белгиланди.


Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ва Траспорт вазирлиги томонидан “O‘zaeronavigatsiya markazi” МЧЖда ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан 26 банддан иборат чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

img