Ҳисоб палатаси функциялари кенгайтирилди: янги вазифалар ва амалга оширилаётган тадбирлар

Халқаро амалиётдан ҳам маълумки, давлат ташқи аудит ва молиявий назорат органлари давлат идоралари ва ташкилотлари фаолияти тўғрисида ишончли маълумотлар тақдим этиш, уларнинг ҳисобдорлигини кучайтириш ва фаолиятини такомиллаштиришда, давлат дастурлари ва лойиҳалар самарадорлигини оширишда муҳим рол ўйнайди.

Бугунги кунда республикамизда амалга оширилаётган иқтисодий, ижтимоий дастурлар ҳамда лойиҳаларнинг натиждорлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади ва бу жараёнда Ҳисоб палатасининг иштирокини кенгайтиришга қаратилган яна бир муҳим ҳужжат қабул қилинди.

Хусусан, 2018 йилнинг 30 октябрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5565-сонли Фармонига асосан Ҳисоб палатасига бир қатор қўшимча функциялар юклатилди.

Бундан буён Ҳисоб палатаси шунингдек, олий даражадаги ташрифлар давомида имзолаш учун ҳужжатларнинг асослилигини ўрганади ва ижро этиш имкониятларини таҳлил қилган ҳолда тайёрлашда вазирлик ва идораларга кўмаклашади.

Ҳисоб палатаси эндиликда:

- олий даражадаги ташрифлар доирасида имзоланган ҳужжатларда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаб, тизимли таҳлил қилган ҳолда, якуний натижаларга эришиш учун уларни ҳал этишда, шу жумладан жойига чиққан ҳолда зарур ёрдам кўрсатади;

- олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар, стратегик корхоналар иштирокида инвестиция лойиҳалари тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилиши устидан мониторинг ва доимий назоратни амалга оширади;

- ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар ва стратегик корхоналар иштирокидаги ивестиция лойиҳаларнинг маълумотлар базасини шакллантиради ҳамда чет эллик ҳамкорлар ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан “телекўприк” ташкил этиш орқали имзоланган ҳужжатлар ижросини мунтазам муҳокама қилиб боради.

Юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш мақсадида Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари лавозими жорий қилиниб, Олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича эришилган келишувлар ижросини назорат қилиш ва унга кўмаклашиш ҳамда Стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари ижросини назорат қилиш ва унга кўмаклашиш шуъбалари ташкил этилди.

Ҳужжатлар ижросининг бориши ва стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ва Бош прокуратура томонидан ҳар ойда кўриб чиқилиб, таҳлилий маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб борилади.

Белгиланган вазифаларга мувофиқ, Ҳисоб палатаси томонидан 2017-2018 йиллар давомида амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар якунларига кўра тасдиқланган барча “йўл харита”лари хатловдан ўтказилди.

Хатлов натижаларига кўра, амалга оширилиши белгиланган барча келишувлар ва тадбирлар, жумладан, инвестиция соҳасидаги келишувлар, ташқи савдо битимлари, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-гуманитар ва бошқа йўналишлардаги келишув ва тадбирлар бўйича муддати ва масъул ижрочилар (вазирлик, идора ва корхоналар) кесимида маълумотлар базаси шакллантирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг асосий иқтисодий ҳамкорлари бўлган Россия, Хитой, Корея, Туркия, Ҳиндистон, АҚШ ва Франция давлатлари билан имзоланган инвестиция келишувларининг асослилиги, амалга оширишнинг бугунги ҳолати ва истиқболи ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида, инвестиция келишувларини амалга оширилишини жадаллаштириш мақсадида, лойиҳалар бўйича юзага келаётган муаммоларни ҳал қилишда ва айрим сабабларга кўра кечикаётган вазифаларни тезлаштиришда Ҳисоб палатаси томонидан масъул ижрочиларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Хусусан:

   лойиҳалар тармоқ жадваллари ва лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши;

   кредит маблағлари ажратилиши;

   лойиҳа ташаббускорларининг чет эллик ҳамкорлар билан лойиҳа ишлари борасида алоқалар ўрнатилиши;

   лойиҳаларни амалга ошириш дислокацияси аниқланиши ва зарур ер майдонлари ажратилиши;

   чет эллик ҳамкорларнинг Ўзбекистонга ва Ўзбекистон делегациясининг чет элга ташрифларини ташкил этилишида амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Шунингдек, Ҳисоб палатаси томонидан тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан инвестиция келишувлари доирасидаги тизимли камчиликлар ва муаммоли масалаларни бартараф этиш, келгусида олий даражадаги ташрифлар якунларига кўра “йўл хариталари”ни пухта ва сифатли ишлаб чиқиш борасидаги ишлар тизимлаштирилди.

Бугунги кунда, олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни ва стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан доимий мониторинг ва назорат ўрнатиш мақсадида ijro.gov.uz тизимида махсус модулни ишга тушириш ишлари якунланмоқда.

Такомиллаштирилган “Ijro.gov.uz” ягона электрон тизимини ишга туширилиши натижасида ушбу тизимга ижрочи вазирлик, идоралар, маҳаллий ҳокимлик органлари ва корхоналар ҳамда Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари реал вақт режимида (online) уланиши таъминланади.

Шу билан бирга, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда тегишли ижрочилар билан биргаликда вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимият органларининг инвестиция фаолиятига масъул бўлган раҳбар ва ходимлари учун методик қўлланмалар ишлаб чиқиш ва ўқишлар ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

14 Январ 2019

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея