Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг бюджет даромадларини ошириш бўйича фойдаланилмаётган захираларини аниқлаш ва сафарбар қилиш борасидаги фаолияти
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5147-сонли Фармонига мувофиқ, Ҳисоб палатаси томонидан бюджет даромадларини кўпайтириш бўйича захираларни аниқлаш ва сафарбар қилиш юзасидан тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Жумладан, 2018 йил давомида республиканинг барча ҳудудларида солиқ ва молия органларига бюджет даромадларини кўпайтириш бўйича захираларни аниқлаш ва сафарбар қилиш учун назорат-таҳлилий тадбирларни ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатилди.
Хусусан, 2018 йил январь-май ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига қўшимча маблағларни жалб қилиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилиб, таҳлилий тадбирлар ўтказилди.
Масалан, вилоятларнинг салоҳиятини ўрганиш натижасида Андижон вилояти маҳаллий бюджети учун қўшимча маблағ жалб қилиш имконияти 305 млрд.сўм, Жиззах вилоятида 180 млрд.сўм, Хоразм вилоятида 206 млрд.сўм миқдорида эканлиги аниқланди.
Шунингдек, Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг моҳиятини ва мазмунини кенг тушунтириш мақсадида бюджетга қўшимча маблағларни жалб қилишни таъминлаш мақсадида Бош прокуратура билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ тузилди.
2018 йил октябрь ойидан декабрь ойига қадар ишчи гуруҳ республиканинг 11 та ҳудудида (Сирдарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридан ташқари) солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг мазмунини тушунтириш ва бюджетга қўшимча маблағларни жалб қилишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди.
Амалий ёрдам кўрсатиш натижасида маҳаллий бюджетларга 714 млрд.сўм миқдорида захираларни қўшимча сафарбар қилиш имкониятлари мавжудлиги аниқланди.
Хусусан, Бухоро вилоятида маҳаллий бюджетига 53 млрд.сўм, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида 67 млрд.сўм миқдорида қўшимча даромадларни жалб қилиш имкониятлари мавжудлиги аниқланди.
Бюджет даромадларини ошириш учун захираларни аниқлаш ва сафарбар қилиш бўйича 70 дан ортиқ йўналишларда назорат-таҳлилий тадбирларни ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатилди.
Масалан:
- солиқ ҳисоботларида кўрсатилган сотиш ҳажмини ташқи манбалардан кўрсатилган сотиш ҳажмларидан камайтириб кўрсатиш ҳисобига 158 млрд.сўм;
- қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш тартибининг бузилиши ҳисобига 48,3 млрд.сўм маблағ;
- транспорт хизматлари кўрсатувчи корхоналар томонидан солиққа тортиладиган базани яшириш ҳисобига 39 млрд.сўм;
- ер участкасидан ҳужжатсиз ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан кўпроқ миқдорда фойдаланганлик ҳисобига 37 млрд.сўм;
- турар ва нотурар жой тарзидаги мулкдан, шунингдек рўйхатдан ўтмаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган шахсларнинг солиқдан қочиши ҳисобига 26,5 млрд.сўм.
- йирик савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида, бозорларда ва савдо мажмуаларида нақд пул тушумларининг икки баравар яширилганлиги ҳисобига 20,6 млрд.сўм миқдорида;
- солиқ ва божхона имтиёзларидан асоссиз фойдаланилиши ҳисобига 15,8 млрд.сўм;
- солиқ солинадиган базада 8,6 млрд.сўм миқдорида муддати ўтган кредиторлик қарзларини акс эттирмаслик;
- фаолият турига номақбул солиқ ставкасини қўлланилиши ҳисобига - 4,6 млрд.сўм.
Амалий тадбирлар натижаларига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан туманлар ва шаҳарлар кесимида солиқ солиш базасини кенгайтириш ва бюджет даромадларининг қўшимча манбаларини аниқлаш мақсадида “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Шунингдек, “Йўл харитаси”да бюджет мувозанатини таъминлаш ва камомадни бартараф этиш, маҳаллий ҳокимият органлари, давлат солиқ хизмати, молия ва бошқа органлар ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг қатъий масъулиятини ошириш ва барқарор ўсишини таъминлаш чоралари назарда тутилган.
Маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромадларини таъминлаш бўйича депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатиш учун Ҳисоб палатаси томонидан олиб борилган тадбирлар ва назорат чоралари натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят Кенгашлари туман (шаҳар) ҳокимлари, ҳудудий прокуратура, солиқ ва молия органлари раҳбарлари билан танқидий муҳокама этилди.
Бюджетга йўналтирилган қўшимча даромад миқдори 2018 йилда 9,8 трлн.сўмни ташкил этди. Масалан, Қорақалпоғистон Республикасининг бюджет даромадлари прогнозга нисбатан 1 трлн. сўмга, Андижон вилояти бўйича - 446 млрд.сўмга, Жиззах вилоятида - 212 млрд.сўмга, Хоразм вилоятида - 236 млрд.сўмга ошириб бажарилди.
Маҳаллий бюджетларнинг тасарруфида 5,6 трлн.сўм, шу жумладан тўртинчи чоракда - 1,8 трлн.сўм маблағ қолди.
8 Январ 2019
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |