Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш юзасидан хулосаларини эълон қилиш орқали жамоатчилик назоратини амалга ошириш
Жорий йилнинг 22 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Давлат бюджети маълумотларини очиқлиги ва бюджет жараёнида фуқароларни фаол иштирокини таъминлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Мазкур қарорга асосан бюджет маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағларининг шаклланиши ҳамда сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг бюджет соҳасидаги ваколатлари доирасида Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш юзасидан тақдим этиладиган хулосалари мажбурий тартибда эълон қилинади.
Биринчидан, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари бўйича хулоса берилади ва унда:
мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози (ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари ва тармоқлар бўйича таркиби, инфляция даражаси, олтин-валюта заҳиралари, республикадаги истеъмол ҳажми, ташқи савдо айланмаси ва бошқалар) таҳлил қилиниб, асосий устувор йўналишлар, яъни иқтисодиётни эркинлаштириш ва фаол инвестицион сиёсатига мувофиқлиги;
солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича солиқ ставкаларининг ўзгариши, уларни бир томонидан Давлат бюджетига, иккинчи томонидан солиқ тўловчиларга, фуқароларимизга таъсири, солиқ базасини кенгайтирган ҳолда солиқ юкини пасайтириб бориш;
Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг асосий даромад манбалари турлари, олдинги йил кўрсаткичларига нисбатан ўзгариши ва ялпи ички маҳсулотга нисбати;
Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг харажатлари таркиби, уларнинг асосли шакллантирилганлиги ва аниқ мақсадга йўналтирилиши, ижтимоий соҳалар, давлат ва ҳудудий ривожлантириш дастурлари доирасида (соғлиқни сақлаш, олий таълим, халқ таълими, мактабгача бўлган таълим, болалар спорти, маданият, коммунал соҳа, йўл ва транспорт, сув хўжалиги соҳаларидаги лойиҳалар, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла”, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш дастурлари) зарур бўлган харажатларни молиявий манбалари таъминланганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ҳамда ташрифлари давомида берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг харажатлари параметрларида етарли маблағларнинг кўзда тутилганлиги;
республикамизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнида давлат қарзи, давлат бюджети тақчиллиги таҳлил қилиб чиқилиб, фикр мулоҳазалари баён қилинади.
Иккинчидан, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот юзасидан ҳар йили 10 майга қадар ташқи аудит ва баҳолаш натижалари бўйича Ҳисоб палатасининг хулосаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.
Мазкур хулосада Президент қарори билан тасдиқланган макроиқтисодий кўрсаткичлар, республика ва маҳаллий бюджетлар ҳамда давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари ва харажатларини ҳақиқатдаги ижроси, уларни амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинганлиги юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари акс эттирилади.
Президентимизнинг мазкур қарорига асосан Молия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар алоҳида “Очиқ бюджет” ахборот порталини ишга туширади.
Ушбу порталга бюджет харажатларининг манзиллилиги устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида, Давлат бюджети ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, шунингдек Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, улар юзасидан Ҳисоб палатасининг хулосалари жойлаштирилади.
Фуқароларимиз учун эса мазкур портал орқали бюджет қонунчилигини бузиш ҳолатлари тўғрисида хабардор қилиш ҳамда бюджет жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш имконияти яратилади.
Эндиликда Ҳисоб палатасининг хулосаларини тайёрлашда яна битта йўналиш, яъни “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали фуқаролардан келиб тушган асосли таклиф ва мулоҳазаларни Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этишда инобатга олинганлигига алоҳида эътибор қаратилади.
Бу хулосалар фуқароларга нима беради? - Фуқаролик жамиятида аҳоли ўзи тўлаётган солиқлари ва улар қандай мақсадларга сарфланаётганлигини, давлат харажатларини шаклланиши ва уларни тақсимланиши тўғрисидаги маълумотлардан тўлиқ хабардор бўлади.
Бюджет лойиҳаси ва унинг ижроси юзасидан хулосаларни кенг оммага эълон қилиниши, ҳар бир фуқаро учун мол-мулк ёки иш ҳақидан нима учун солиқ олинаётганлиги, давлат харажатларини қай тарзда тақсимланаётганлиги, давлат томонидан аҳоли учун керакли шароитларни яратиш бўйича мажбуриятларини бажарилиши тўғрисида очиқ-ойдин ахборотлар олиш имкониятини беради.
Бундан ташқари, аҳоли бюджетни режалаштириш, унинг харажатларига йўналтириш ва давлат бюджети лойиҳасини муҳокама қилишда иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Халқаро тажрибада ривожланган ва ривожланаётган давлатларнинг бюджет жараёнлари бўйича назоратни амалга оширилишида олий аудит органлари томонидан жамоатчилик назоратидан кенг фойдаланиш амалиёти қўлланилади.
Масалан, Россия Федерацияси Ҳисоб палатаси томонидан федерал бюджет лойиҳаси йигирмага яқин йўналишлар бўйича кўриб чиқилиб, хулоса берилади ва оммага ҳавола этилади (амалга оширилган назорат тадбирлари, ўрганиш ва таҳлиллар натижалари доимий равишда бюллетень шаклида чоп этиб борилади).
Эътиборлиси шундаки, хулоса тайёрланишида Россия Федерацияси Президентининг Россия Федерациясининг Федерал мажлисида йўллаган Мурожаатномасидаги асосий вазифаларни амалга оширилиши ҳам таҳлил қилинади.
Шу каби функциялар Германия Федератив Республикаси Федерал Ҳисоб палатаси, Франция Ҳисоблар Суди (Ҳисоб палатаси), Британия миллий аудиторлик идораси, Япония Ҳисоб палатаси томонидан ҳисоботлар кўринишида амалга оширилади.
Жумладан, Германия Федератив Республикасида ҳукуматнинг ҳар йилги бюджети ижроси ва келгуси молиявий йил учун даромадлари ҳамда қарзлари тўғрисидаги ҳисоботлари юзасидан текширув натижалари Парламентга тақдим этилади.
Францияда Ҳисоблар Суди томонидан бюджет маблағларини самарали сарфланиши, шу жумладан бюджет ҳисобварақлари ҳолати бўйича назорат натижалари тўғрисидаги йиллик ҳисоботлар чоп этиб борилади.
Британия миллий аудиторлик идораси Давлат бюджети маблағларини мақсадли сарфланиши ва белгиланган вазифаларга мувофиқлиги юзасидан Парламентга ўзининг хулосаларини тақдим этади. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари ҳисобварақлари бўйича ўтказилган аудит натижалари тўғрисида 50 дан ортиқ ҳисоботлар эълон қилинади.
Япония Ҳисоб палатаси томонидан ҳар йили давлат даромадлари ва харажатлари аудитдан ўтказилиб, натижалари тўғрисидаги ҳисоботлар Парламентга тақдим этилади.
Юқоридаги давлатларнинг ҳисоботларида бюджет даромадларини шаклланиши ва харажатларни амалга оширилиши, Ҳукумат томонидан белгиланган вазифаларни бажаришида бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳолати, бюджет ҳисобварақлари ҳаракати таҳлил натижалари баён қилиниб, белгиланган муддатларда ваколатли органга тақдим этиб борилади.
Бундан ташқари, Халқаро олий аудит институтлари ташкилоти (INTOSAI) томонидан ҳам олий молиявий назорат органларининг тегишли ҳисоботлари оммавий равишда чоп этилиши ва уларни шакллантиришда жамоатчилик фикри инобатга олиниши юзасидан тавсиялар берилган.
Президентнинг мазкур қарорига мувофиқ, халқаро амалиётдаги илғор тажрибалардан келиб чиқиб, Давлат бюджетини шакллантириш ва ижроси юзасидан Ҳисоб палатасининг хулосалари тайёрланишида, фуқароларимиз билдирадиган таклифлар, фикр ва мулоҳазалардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилади.
Хусусан, 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва давлат бюджети параметрлари лойиҳаси тайёрланишида асосий эътибор:
энг аввало мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий вазифаларни амалга оширишга қаратилганлигига;
солиқ ва бюджет сиёсати Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармонида белгиланган асосий йўналишлари мувофиқлигига;
Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг харажатларини асосли шакллантирилганлиги ва аниқ мақсадга йўналтирилганлиги, ижтимоий соҳаларни молиявий манбалар билан таъминланганлиги, бунда Президент қарор ва Фармонлари ҳамда ҳудудларга ташрифларида белгиланган вазифалар ўз аксини топганлигига қаратилади.
Бир сўз билан айтганда, Ҳисоб палатаси олий ташқи аудит ва молиявий назорат органи сифатида бюджет соҳасидаги ваколатларини кенг жамоатчилик билан бирга амалга оширади.
11 Сентябр 2018
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |