Олий назорат органларининг минтақавий форуми – ЭКОСАИ – ҳақида
Нур-Султон (Қозоғистон) шаҳрида бўлиб ўтган ЭКОСАИ ташкилотининг IX Ассамблеяси ва ЭКОСАИ Бошқарув кенгашининг XXVI йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ЭКОСАИ нинг Аудит бўйича қўмитаси таркибига қабул қилинди.
ЭКОСАИ ташкилотининг фаолияти нимадан иборат?
ЭКОСАИ (Иқтисодий ҳамкорлик мамлакатлари Олий аудит органларининг ташкилоти) – Жанубий ва Марказий Осиё минтақалари олий молиявий назорат органларининг минтақавий форуми саналади.
У 1994 йилда ташкил этилган. Унинг фаолияти янги ғоя ва тажриба алмашиш, ўқув курс, семинар ва конференциялар ўтказиш орқали аъзо мамлакатларда давлат аудити касбини ривожлантиришга қаратилган.
ЭКОСАИ таркибига қуйидаги мамлакатлар Олий аудит органлари киради: Афғонистон, Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Шимолий Кипр Турк Республикаси, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон.
ЭКОСАИ Бошқарув кенгаши ташкилотнинг ижрочи органи бўлиб, у қуйидаги бешта аъзодан иборат:
• Бошқарув кенгаши раиси, яъни Ассамблеянинг навбатдаги мажлиси ўтказиладиган олий аудит органи раҳбари;
• ЭКОСАИ Бош котиби;
• Ассамблея томонидан уч йил муддатга сайланадиган учта аъзо.
ЭКОСАИ Бошқарув кенгаши қуйидаги вазифалар учун масъулдир:
• ЭКОСАИ Низомининг бажарилишини назорат қилиш;
• ЭКОСАИ фаолияти учун зарур қарорлар қабул қилиш;
• Бюджет лойиҳасини қабул қилиш ва Ассамблеяга киритиш;
• Ассамблеянинг ҳар бир навбатдаги сессиясига ЭКОСАИ фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этиш;
ЭКОСАИ низомига кўра, Бошқарув кенгаши йилига камида бир марта йиғилади. Бошқарув кенгашининг мажлисларида камида учта аъзо мамлакат иштирок этиши шарт.
ЭКОСАИ котибияти
Покистоннинг Олий аудит органи сифатида Покистон Бош аудитори департаменти ЭКОСАИнинг халқаро келишувлари учун масъулдир. У аъзо мамлакатлар орасида тажриба алмашиш ва малака ошириш масалалари халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилади.
Ушбу соҳадаги ишлар Покистон Бош аудитор идорасининг Халқаро алоқалар ва мувофиқлаштириш бўлимига юклатилган.
6 Октябр 2022
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |