Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг халқаро ҳамкорлиги
Кўп томонлама халқаро алоқаларни ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятининг энг устувор йўналишларидан бири саналади.
Ҳозирги вақтда Ҳисоб палатаси ИНТОСАИ, АЗОСАИ, ЭКОСАИ, МДҲга аъзо мамлакатлар Олий назорат органлари раҳбарлари кенгаши ва ЭКОСАИнинг Аудит бўйича қўмитасининг тўла ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.
Ҳисоб палатаси Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатларнинг Олий назорат органлари фаолиятида ҳам фаол иштирок этади.
Мисол учун, жорий йилнинг 31-март куни Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Турабов ШҲТ Олий назорат органлари раҳбарларининг 5-йиғилиши доирасида “COVID-19 билан боғлиқ харажатлар аудитини ўтказиш: соҳада билим ва тажриба алмашиш” мавзусида тақдимот қилди.
Ҳисоб палатаси БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик қилади.
ИНТОСАИ ва АЗОСАИ халқаро лойиҳалари доирасида Ҳисоб палатаси инспекторлари Европа ва Осиёдаги ўқув семинарлар иштирокчи ва маърузачилари сифатида иштирок этди.
Япония ҳукумати дастурлари доирасида 2004-2012 йиллар давомида Ҳисоб палатаси инспекторлари илғор халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида бир ойлик стажировкалар ўтди.
2015 йилда Ҳисоб палатаси Корея халқаро ҳамкорлик ташкилоти (KOICA) ва Корея Республикаси Аудит ва инспекция кенгаши томонидан ташкил этилган “Давлат аудитини бошқариш” ўқув дастурида ҳам иштирок этди.
Тожикистон ва Туркия Олий аудит органлари билан раҳбарлар даражасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Туркия Ҳисоб суди, шунингдек, ЭКОСАИ давлатлари билан ҳамкорлик қилиш учун махсус йўл хариталари ишлаб чиқилди.
ИНТОСАИ аъзолигига қабул қилингандан сўнг Ҳисоб палатаси ходимлари 20 га яқин халқаро ўқув семинар ва онлайн мастер-классларда қатнашдилар.
Улар асосан ЭКОСАИ, Жаҳон банки, Бирлашган Вена институти, ИНТОСАИ Тараққиёт ташаббуси, ЕВРОСАИ Ахборот технологиялари бўйича ишчи гуруҳи, Россия Федерацияси Ҳисоб палатаси ва бошқалар томонидан ташкил этилган.
Жорий йилнинг май ва август ойларида Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Турабов бошчилигидаги делегациялар ташқи аудит соҳасида илғор халқаро тажриба (айниқса, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш соҳаларида) ўрганиш мақсадида Туркия ва Эстония давлатларининг олий аудит органларида бўлди.
Шу йилнинг август ойида Ҳисоб палатаси вакили А.Раҳмонов Нур-Султон шаҳрида (Қозоғистон) бўлиб ўтган ЭКОСАИ нинг IX Ассамблеяси ва ЭКОСАИ Бошқарув Кенгашининг XXVI йиғилишида иштирок этди.
Жорий йилнинг сентябр ойида Ҳисоб палатаси вакили А.Зоҳидов Жаҳон Савдо Ташкилоти томонидан Женева шаҳрида (Швейцария) ташкил этилган “Кенгайтирилган қишлоқ хўжалиги хабарномаларини тақдим этиш” мавзусидаги халқаро семинарда иштирок этди.
Ҳисоб палатаси ходими Н.Имонқулов эса спортни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ишчи гуруҳи таркибида Россия, Венгрия, Озарбайжон ва Туркияда бўлди.
Ҳисоб палатасининг халқаро алоқалари кенгайишда давом этмоқда. Шунингдек, у яқин келажакда ИНТОСАИга аъзо хорижий давлатларнинг Олий назорат органлари билан ҳам икки томонлама асосда, ҳам кўп томонлама форматда ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда.
2 Декабр 2022
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |