Иқтисодий тенгсизликнинг сабаб ва оқибатлари
Қўшма Вена институти томонидан “Иқтисодий тенгсизлик: ўлчов, сабаб ва оқибатлари” мавзусида очиқ маъруза ташкил этилди.
Уни иқтисодий тенгсизлик бўйича дунёда етакчи тадқиқотчи, ҳозирда Лондон иқтисодиёт олийгоҳи профессори Франсиско Феррейра ўқиди.
Маърузада 49 давлатдан 150 га яқин иштирокчи қатнашди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ходимлари ҳам иштирок этди.
Маълумот учун:
Бразилиялик олим Франсиско Феррейра (1968 й. туғилган) ушбу мамлакатда қашшоқлик ва тенгсизликни сезиларли даражада камайтирган Bolsa Familia шартли нақд пул ўтказмалар дастурини ишлаб чиқувчилардан бири сифатида танилган.
Экспертнинг тақдимоти тенгсизлик ва унинг ўлчовини таҳлил қилишдан бошланди. Таъкидланганидек, иқтисодий тенгсизлик турли соҳаларда бўлиши мумкин, масалан, даромад, бойлик, истеъмол, таълим, умр кўриш давомийлиги, имкониятлар ва бошқалар.
Франсиско Феррейра сўнгги 20 йилда глобал даромад тенгсизлиги пасайганини таъкидлади. Бироқ бунинг сабаби: бир вақтлар қашшоқ бўлган мамлакатлар бой мамлакатларга етиб олганилиги билан боғлиқ.
Бошқа тарафдан, дунёнинг кўп жойларида бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут кучайганлиги сабабли, ички тенгсизлик кучайди. Масалан, даромадлар тенгсизлиги 1990-2020 йиллар оралиғида Шарқий Европа ва ривожланган мамлакатларда ўсган бўлса, Лотин Америкаси ва жанубий Африкада камайган.
Эксперт ривожланган мамлакатларда тенгсизлик кучайишининг асосий омилларини санаб ўтди:
1) технологик ўзгаришлар: айрим соҳаларда даромад ошган бўлса (масалан, ахборот технологиялари), бошқа соҳаларда паст малакали ишчиларнинг даромадлари зиён кўрган;
2) меҳнат бозоридаги ўзгаришлар;
3) айрим компаниялар иқтисодий таъсирининг кучайиши.
Ф.Феррейра ўз сўзининг охирида тенгсизликнинг салбий иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Иқтисодиёт ва жамиятга зарар етказувчи, ижтимоий-иқтисодий институтлар фаолиятини сусайтирувчи, одамлар имкониятларини пасайтирувчи тенгсизлик оқибатларига қарши курашиш зарурлиги таъкидланди.
Ф.Феррейранинг тақдимоти иштирокчиларда катта илмий қизиқиш уйғотди.
18 Май 2022
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |