Инклюзив ўсишга қандай эришиш мумкин?

«Инклюзив ўсишга қандай эришиш мумкин?» – Қўшма Вена институти (Joint Vienna Institute) томонидан ташкил қилинган халқаро вебинарнинг асосий мавзуси айнан шундан иборат бўлди.

 

 

Асосий маърузачи Халқаро валюта жамғармаси Молиявий масалалар бўйича департамент директори ўринбосари Валери Серра (Valerie Cerra) бўлди.

 

Вебинарда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг масъул ходимлари ҳам иштирок этдилар. 

 

Маърузачи тобора кучайиб бораётган тенгсизлик ва қашшоқлик, ижтимоий норозилик, гендер ва этник тенгсизлик, иқтисодий беқарорлик, глобаллашув шароитида мувозанатсиз ўсиш ва иқлим ўзгаришлари замонамизнинг энг жиддий долзарб муаммолари эканини таъкидлади.

Бу масалалар, албатта, бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлиб, уларни ўрганиш тизимли ёндашувларни талаб қилади.

 

Узоқ вақт давомида етакчи иқтисодчи олимлар халқаро ташкилотлар экспертлари билан ҳамкорликда юқорида қайд этилган муаммолар ва уларнинг манбаларини ўрганиш устида иш олиб бордилар.

Уларнинг мақсади турли мамлакатлар тажрибаси бўйича маълумотларни ўрганиб, амалий сиёсий ечимларни шакллантириш, иқтисодий ва ижтимоий тенгсизликка қарши курашиш бўйича комплекс ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш эди.

Вебинар шунингдек, юқорида қайд этилган илмий-амалий тадқиқотлар натижаларини ўзида мужассам этган, Оксфорд университетида яқинда нашр этилган «Инклюзив ўсишга қандай эришиш мумкин» («How to Achieve Inclusive Growth») китобининг муҳокамасига бағишланди.

 

Тадқиқотнинг асосий тезислари:

  • Сўнгги 200 йил ичида глобал ўсиш юқори суръатлар билан содир бўлди.
  • Сўнгги икки аср давомида АҚШда аҳоли жон бошига даромад 2 минг доллардан 50 минг долларгача ошди
  • Иқтисодий ўсиш ўртача турмуш даражасининг ошишига олиб келди.
  • 1990-йилдан буён қашшоқлик 1 миллиарддан ортиқ кишига камайди (асосан, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа Осиё мамлакатларидаги тез ўсиш ҳисобига).

 

 

Шу билан бирга:

  • Глобал ўсиш нотекис бўлди. Аҳоли жон бошига ЯИМ Люксембургда йилига 100 минг доллар бўлса, Бурундида эса – 800 доллар.
  • 2017 йилда 700 миллионга яқин одам ҳали ҳам ўта қашшоқ ҳолатда яшар эди.
  • Дунё бойликларида ҳам катта тенгсизлик мавжуд: дунёнинг энг бой 8 кишиси дунёнинг камбағал ярми билан бир хил бойликка эга.
  • 2 миллиард одам хавфсиз ва етарли озиқ-овқатга эга эмас.

 

Оксфорд нашри тадқиқотчилари юқоридаги муаммоларни ҳал этишда инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар.

Яъни, турмуш даражасини ошириш учун шароитлар яратган ҳолда, маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш.

 

 


Инклюзив иқтисодий ўсиш бандлик имкониятларини яратиб, одамларни қашшоқликдан халос қилади.
У, шунингдек, асосий давлат хизматларини кўрсатиш учун ҳукуматлар тасарруфидаги мавжуд ресурсларни оширади.

Тадқиқот якунида экспертлар ушбу муаммоларни тизимли равишда ҳал этиш учун бир қатор тавсиялар илгари суриб, қабул қилинган ҳар бир қарорни замон эҳтиёжларига мослаштириш муҳимлигини таъкидладилар.

 

 

20 Май 2022

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея