ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ВА ДАВЛАТ МАҚСАДЛИ ЖАМҒАРМАЛАРИ БЮДЖЕТЛАРИНИНГ 2020 ЙИЛДАГИ ИЖРОСИ ТЎҒРИСИДАГИ ҲИСОБОТ ТАШҚИ АУДИТ ВА БАҲОЛАШДАН ЎТКАЗИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 167-моддаси ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддасига асосан Давлат бюджети ва 18 та давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилдаги ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказилди.
Ҳисоботни ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказиш Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк ҳамда бошқа тегишли ташкилотларнинг маълумотлари асосида амалга оширилди.
Ўтказилган ташқи аудит ва баҳолаш якунларига кўра Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари ундирилмасдан қолганлиги сабабли хисоботга киритмаслик, харажатлар ҳамда қолдиқ маблағлар миқдорининг ҳисоботда тўлиқ акс эттирилмаслик ҳолатлари аниқланди.
Мисол учун, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг Давлат бюджетига тегишли қисмини Молия вазирлигининг ахборот тизими орқали автоматлашган тартибда ажратма қилиш тартиби ушбу маблағларни ундирувчи барча вазирлик ва идоралар учун тадбиқ қилинмаганлиги натижасида Давлат бюджетига даромадлар тўлиқ кирим қилинмай қолинган.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан ундириладиган йиғимлар тўлиғича инспекциянинг бюджетдан ташқари махсус ҳисоб рақамида жамланиб, Давлат бюджетига тегишли бўлган 6 812,1 млн сўм маблағ бюджетга йўналтирилмаган.
Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарини сақлаш учун сарфланган 61 254,5 млн сўм миқдоридаги харажатлар Давлат бюджетининг 2020 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилмаган.
Ўтказилган аудит ва баҳолаш якуни бўйича Вазирлар Маҳкамасига тегишли хулоса тақдим этилди ва унда акс эттирилган хато ва камчиликларни бартараф этган ҳолда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тасдиқлаш учун киритиш тавсия этилди.
16 Июн 2021
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |