ИСЛОҲОТЛАР- ДАВЛАТ МОЛИЯВИЙ НАЗОРАТ ТИЗИМИДА.
2021 йил 27 августда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармонда белгиланган вазифалар мамлакатда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.
Бунда, Давлат молиявий ресурсларини самарали бошқариш ҳамда давлат маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш борасида ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ҳамда вазирлик ва идоралар ички аудит хизматларининг фаолияти халқаро тажрибалар асосида ташкил этилади ва мувофиқлаштирилади.
Шунингдек, Давлат молиявий назорат тадбирлари халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқиладиган миллий стандартларга мувофиқ олиб борилади.
Фармонда, халқаро ташкилотлар ва ривожланган давлатлар билан тажриба алмашиш, илғор тажрибаларни амалиётда қўллаш учун халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш, мутахассисларни бугунги кун талаблари асосида қайта тайёрлаш каби аниқ вазифалар белгиланди.
Шу каби, Ҳисоб палатасига Олий аудит органларининг халқаро стандартлари (ISSAI) асосида – “ташқи аудит тадбирларини режалаштириш ва ўтказишни ташкил этиш”, “молиявий”, “самарадорлик” ва “мувофиқлик” аудитларини ўтказиш каби стандартларни ишлаб чиқиш топшириғи берилди.
Жумладан, Ҳисоб палатасига дастлаб 4 та вазирлик тизимида, кейинчалик эса барча назорат тадбирларини халқаро стандартлар талаблари асосида молиявий, самарадорлик ва мувофиқлик аудитларини ўтказиш орқали амалга ошириш белгиланди.
Яна бир муҳим йўналишлардан бири, Давлат молиявий назоратини амалга оширувчи ташкилотлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича ҳам бир қатор янги вазифалар белгиланди.
Амалиётда биринчи марта, 2022 йилдан бошлаб Молия вазирлиги Ҳисоб палатаси билан биргаликда, ҳар чоракда камида 2 тадан объектда фуқаролар иштирокидаги аудит ўтказиш тизими жорий этилади.
2021 йил 1 октябрдан бошлаб Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва ички аудит хизматлари ҳар чоракда камида бир маротаба оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўз фаолиятига оид ҳисоботларни жамоатчиликка эълон қилиб боради.
Бундан ташқари, давлат молиявий назорати ва ички аудит хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ҳисоб палатаси Ҳайъати ташкил этилиб, унинг таркиби тасдиқланди.
Ҳайъатга, бюджет қонунчилигини бузиш ҳолатларининг олдини олиш, соҳада халқаро тан олинган услубларни жорий қилиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги зиддиятларни бартараф этиш, уларни такомиллаштириш бўйича бир қатор вазифалари белгилаб берилди.
Фармонга мувофиқ, янги ташкил этилаётган тизимда “Давлат аудити” электрон дастурий комплекси ишга туширилади.
Унда барча давлат молиявий назорат тадбирлари рўйхатга олинади, натижаларига доир ҳужжатлар жамланади ва аниқланган ҳолатлар бўйича назорат тадбири олиб борилган ташкилотнинг ёзма фикрлари жойлаштирилади.
Бундан ташқари, тизимда кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнига олий таълим муассасаларини жалб қилиш белгиланди.
Шунингдек, Халқаро аудит ташкилотларининг ўқув семинарларида иштирок этиш ва ўзаро тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйиш топширилди.
Ходимларни ишга қабул қилишда аудиторлик соҳасида халқаро сертификатлар мавжудлигига устувор аҳамият бериш борасида қатъий вазифалар белгиланди.
Фармон билан 2021–2022 йилларда давлат молиявий назорати тизимини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Бугунги кунда Фармон ижросини таъминлашга қаратилган аниқ тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси
30 Август 2021
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |