Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг олий молиявий назорати органлари раҳбарлари Кенгашига аъзо бўлди

2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар Стратегиясидаги устувор йўналишларига мувофиқ, мамлакатимизни халқаро муносабатлардаги ўрни ва ролини ошириш ҳамда халқаро нуфузини мустаҳкамлаш мақсадида Ҳисоб палатаси томонидан халқаро ҳамкорлик борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Олий молиявий назорат органлари ҳалқаро ташкилотларига аъзо бўлиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг олий молиявий назорат органлари раҳбарлари Кенгашига кириш масаласида Кенгаши Котибияти ҳисобланадиган Россия Федерациясининг Ҳисоб палатаси билан музокаралар олиб борилди.

Мазкур Кенгаш 2000 йилда давлат молиявий назорати соҳасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, фаолиятни мувофиқлаштириш ва тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган.

Кенгаш – Олий молиявий назорат органларининг халқаро ташкилоти (INTOSAI), Олий молиявий назорат органларининг Европа ташкилоти (EUROSAI) ва Олий молиявий назорат органларининг Осиё ташкилоти (ASOSAI) принциплари асосида фаолият юритадиган, сиёсий бўлмаган мустақил ташкилот ҳисобланади.

Унинг асосий мақсадларидан бири Давлат молиявий назорати тизимида самарадорликни ошириш ва Кенгашга аъзо давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши борасидаги ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштириш ҳамда миллий хусусиятлар ва умумий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда давлатларда ташқи молиявий назорат тизимини ривожлантириш бўйича ўзаро ғоялар, тажрибалар ва ташаббусларни алмашишдан иборатдир.

Кенгашга шу кунгача 10 та, Россия Федерацияси, Украина, Белоруссия, Қозоғистон Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Грузия, Арманистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси ва Молдова Республикасининг олий молиявий назорати органлари аъзо бўлган.

Бугун, 2021 йил 26 март куни Кенгашнинг навбатдаги 19-сессияси ўтказилиб, унда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг олий молиявий назорати органлари раҳбарлари «Олий назорат органларининг COVID-19 пандемияси шароитида ривожланиш мақсадларига эришишдаги ўрни» мавзусида маъруза қилишди.

Шунингдек, Кенгаш сессиясида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасини Кенгашга қабул қилиш масаласи кўриб чиқилди ва барча Кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси илк бор ушбу Кенгашга янги 11-аъзо сифатида қўшилди.

Мазкур сессияда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Баҳодир Турабов, халқаро Кенгаш аъзоларига миннатдорчилигини билдирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ҳар томонлама халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдириб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ушбу Кенгашга аъзо бўлиши орқали давлат молиявий назорати соҳасида мустаҳкам алоқаларни ўрнатиш, самарали ва манфаатли ўзаро билим ва тажриба алмашиш учун асос яратиш, соҳадаги долзарб назарий ва амалий муаммолари бўйича семинарлар, конференциялар, ихтисослаштирилган курслар, қўшма тадқиқотларни ташкил қилиш кўзланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ушбу Кенгашга кириши келгусида 190 дан ортиқ давлатлар аъзо бўлган Олий молиявий назорат органларининг халқаро ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотларга аъзо бўлиши учун қўйилган биринчи қадамлардан бири бўлди.

26 Март 2021

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея