ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲИСОБ ПАЛАТАСИ ТОМОНИДАН ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИДА МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТЛАРНИНГ ҚЎШИМЧА ДАРОМАДЛАРИ ҲИСОБИДАН АЖРАТИЛГАН МАБЛАҒЛАРНИНГ ИШЛАТИЛИШИ ЮЗАСИДАН ЎРГАНИШ ЎТКАЗИЛДИ

Қашқадарё вилоятида вилоят, шаҳар ва туман маҳаллий бюджетларига 2018 йил ҳамда 2019 йилнинг 1 ноябр ҳолатига 914,1 млрд.сўм қўшимча даромадлар жалб қилинган бўлиб, шундан 855,4 млрд.сўми харажат қилинган.

Ушбу маблағлар вилоятда қабул қилинган Давлат дастурларини ижросини таъминлаш ва аҳолини қийнаб келаётган биринчи даражали муаммолар ва бошқа харажатларга йўналтирилган.

Жумладан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига 163,7 млрд.сўм, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга 68,1 млрд.сўм, уй-жой коммунал объектлари ва кўп қаватли уйларни таъмирлашга 50,0 млрд.сўм, йўлларни таъмирлашга 37,5 млрд.сўм, шаҳар ва туманларни ободонлаштиришга 20,1 млрд.сўм, бюджет муассасаларида амалга оширилган таъмирлаш, жиҳозлаш ва тадбир харажатларига 388,5 млрд.сўм, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам учун 8,3 млрд.сўм, фуқароларга етказилган зарарларни қоплашга 9,4 млрд.сўм ва бошқа харажатларга 109,7 млрд.сўм маблағ сарфланган.

Вилоятда ўтказилган ўрганиш натижасида ушбу маблағлардан ноўрин ишлатиш ҳолатлари ҳам аниқланди.

Жумладан, шаҳар ва туманларда электр таъминотини яхшилаш мақсадида ажратилган 1860,6 млн.сўм маблағ ҳисобига “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талабларига амал қилинмасдан харид қилинган 32 та трансформаторлардан 31 таси 441,0 млн.сўмга қиммат нархда харид қилинган.

Масалан, Миришкор туман ҳокимлиги томонидан туман Ободонлаштириш бошқармасига ажратилган 83,4 млн. сўм маблағ ҳисобидан 2 та трансформатор 36,7 млн. сўмга қиммат нархда харид қилинган.

Қарши шаҳридаги “Давлат хизматлари агентлиги” биносини капитал таъмирлаш учун ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларига ортиқча киритилган 1044,8 млн.сўмлик ҳамда Шахрисабз шаҳар, “Қушхона” МФЙ ички хўжалик йўлини жорий таъмирлаш ишлари ҳажмига ортиқча киритилган 23,1 млн.сўмлик қурилиш материаллари ўрганиш давомида аниқланиб, бюджетга тикланиши таъминланди.

Ўрганиш давомида аниқланган 52,2 млрд.сўмлик ноўрин харажатлардан 5,6 млрд.сўми бюджетга тикланди, расмийлаштирилган ўрганиш материаллари қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органига тақдим этилди.

30 Декабр 2019

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея