Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ишчи гуруҳи томонидан бюджет даромадларини кўпайтириш бўйича захираларни аниқлаш ва сафарбар қилиш бўйича Қашқадарё вилоятида ўрганишлар ўтказилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилди

Ўрганиш давомида ҳудудда бюджет ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига 562 млрд.сўм қўшимча даромадларни жалб қилиш бўйича захиралар мавжудлиги аниқланиб, молия, солиқ органлари ва мажбурий ижро бюроси томонидан белгиланган тартибда назорат тадбирлари амалга оширилиши юзасидан амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Аниқланган қўшимча даромад захираларининг 331,9 млрд.сўми йирик солиқ тўловчилар ҳиссасига тўғри келганлигидан келиб чиқиб, назорат тадбирларини ўтказишга Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро инспекция ҳам жалб этилди.

Хусусан, бюджет даромадларини ошириш учун захираларни аниқлаш ва сафарбар қилиш бўйича 85 дан ортиқ йўналишларда назорат-таҳлилий тадбирлар ташкил этилиб, амалий ёрдам кўрсатилди. Масалан:

- Кадастр, қурилиш бошқармаси ва бошқа ташкилотлардан зарур маълумотларни шакллантириб бориш ва таҳлил қилиш ишларини тизимли йўлга қўйиш ҳисобига 7,7 млрд. сўм;

- тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахсларни тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтишини таъминлаш ҳисобига 3,4 млрд. сўм;

- йирик савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида хронометраж кўздан кечириш тадбирларини самарали ўтказиб, нақд тушумни 2 баробарга оширилиши ҳисобига 3,3 млрд.сўм;

- солиқ қарздорлигини ундириш тадбирларини самарали ташкил этиш ҳисобига 60,7 млрд.сўм;

- камерал назорат тадбирлари самарадорлигини ошириш орқали 487,1 млрд.сўм қўшимча даромад захираларини сафарбар этиш имконияти мавжудлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, Мажбурий ижро бюроси, солиқ идоралари ва ЙҲХБ вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, юридик шахсларнинг муддатида тўланмаган 10,5 млрд.сўмлик солиқ қарзи ундирилди.

Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун 858,4 млн.сўм муддатида тўланмаган маъмурий жарималар, шундан 213,5 млн.сўми ЙҲХБ “Автокон” қурилмаси ёрдамида ўтказилган рейдлар асосида ундирилди.

Ўрганиш давомида қўшимча даромад захираларини аниқлаш тадбирлари учун ҳаққоний маълумотларни тақдим этмаган вилоят Ер тузиш ва кўчмас мулк давлат кадастри бошқармаси, вилоят Қурилиш бош бошқармаси, “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Агробанк” АТБ вилоят бошқармаси ва “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ минтақавий филиали мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 2152-моддасига асосан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилди.

26 Декабр 2019

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея