Бюджетга қўшимча даромад захираларини аниқлаб, сафарбар қилиниши ҳамда уларни сарфланиши юзасидан ўрганиш ўтказилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг 21 май – 4 июнь кунлари Сурхондарё вилоятида бюджетга қўшимча даромад захираларини аниқлаб, сафарбар қилиниши ҳамда уларни сарфланиши юзасидан ўрганиш ўтказилиб, амалий ёрдамлар ташкил этилди.

Ўрганиш натижасида ҳудудда фойдаланилмаётган заҳиралар мавжудлиги, уларни тўлиқ сафарбар этиш орқали жорий йил учун тасдиқланган бюджет даромадлари прогнозини 540 млрд. сўмга орттириб бажариш имконияти мавжудлиги маълум бўлди.

Жумладан, вилоятда солиқ объектларини тўлиқ ҳисобга олиш ва солиқ базасини кенгайтириш, қўшимча заҳираларни сафарбар этиш орқали йиллик 396 млрд.сўм қўшимча солиқ тушумларини таъминлаш манбалари белгиланди.

Бундан ташқари, янги солиқ сиёсати концепциясини самарали амалга ошириш ва ўзгаришларни тўлиқ ҳаётга татбиқ этиш ҳисобига 86 млрд.сўм, иқтисодий ислоҳотлар натижасида товар (иш, хизмат)лар реализацияси ҳажмининг кўпайиши эвазига 58 млрд.сўм қўшимча даромад таъминланади.

Мазкур даромад манбаларини тўлиқ жалб қилиш бўйича 29 та банддан иборат аниқ чора-тадбирлар белгиланган “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Вилоятда маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 2018 йилда 349 млрд.сўм ва 2019 йилнинг январь-апрель ойларида 168 млрд.сўм харажатлар амалга оширилган ҳолда айрим соҳаларга маблағ ажратилиши эътибордан четда қолган.

Хусусан, аҳолини иш билан таъминлаш тадбирларига 2018 йилда 132 млрд.сўм ўрнига 2 млрд.сўм ажратилган бўлса, жорий йилнинг январь-апрель ойларида ушбу мақсадлар учун умуман маблағ йўналтирилмаган.

Шу билан бирга, қўшимча манбалар ҳисобидан қарийб 21 млрд. сўм мақсадсиз ва самарасиз харажатларга йўл қўйилган.

Жумладан,  қурилиш таъмирлаш ишларига 86 та ҳолатда 4 млрд.сўмлик мақсадсиз харажат амалга оширилган бўлиб, шундан 3,3 млрд.сўми қўшиб ёзиш ҳолатига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ушбу камчиликларнинг барчаси ўрганиш давомида бартараф этилди.

Бюджет ташкилотлари томонидан молиявий манбаси аниқ бўлмаган ҳолда товарлар (ишлар, хизматлар) хариди учун асоссиз тузилган (ғазначилик органларида руйхатдан ўтказилмаган) шартномалар бўйича ҳосил бўлган қарздорликни қоплашга 23 та ҳолатда 2,9 млрд.сўм маблағлар мақсадсиз сарфланган.

Давлат харидларига оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилмасдан 88 та ҳолатда биржа ва бозор нархларига нисбатан 2,3 млрд.сўмга қиммат нархларда товар-моддий бойликлар харид қилинган.

Маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган 17 дона 1,8 млрд.сўмлик енгил автомашиналарни сотиб олишда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 2 апрелдаги 154-сонли қарори талаби асосида Молия вазирлиги билан келишилмаган.

Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида йўл қуймаслик юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижроси назоратга олинди.

Вилоятда амалга оширилган ўрганиш ва амалий ёрдамлар натижалари 2019 йил 12 июнь куни халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашида депутатлар, туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, солиқ, молия ва бошқа тегишли идоралар раҳбарлари, шунингдек Бизнес омбудсман вакиллари иштирокида кенг муҳокама қилиниб, зарурий тадбирлар белгилаб олинди.

12 Июн 2019

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея