Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

18.09.2026

Ўзбекистон ва Венгрия Олий аудит органлари замонавий аудит йўналишларида ҳамкорликни кучайтиради

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Будапешт шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев Венгрия Давлат аудити идораси раҳбари Ласло Виндиш билан учрашди.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Венгрия Олий аудит органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, давлат аудити соҳасида тажриба алмашиш, рақамли ва IT-аудитни ривожлантириш, халқаро стандартларни амалиётга жорий этиш ҳамда аудиторлар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.


Таъкидланганидек, сўнгги икки йил давомида Тошкент, Самарқанд, Будапешт ва Шарм аш-Шайхда ўтказилган учрашувлар икки томонлама профессионал мулоқотни изчил ривожлантиришга хизмат қилди.


Венгрия Давлат аудити идорасининг кўмагида Ўзбекистон Ҳисоб палатасининг Вишеград гуруҳи ва Марказий ҳамда Шарқий Европа Олий аудит органлари билан алоқалари янги босқичга кўтарилди.


Учрашувда Венгрия Давлат аудити идорасининг давлат бюджети, Европа Иттифоқи маблағларидан фойдаланиш, давлат маблағларининг маданий ташкилотлар ва жамғармаларга ажратилиши самарадорлигини баҳолашга қаратилган аудитлари тажрибаси алоҳида қайд этилди. Шунингдек, Европа маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги ва грантлар бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини баҳолашга қаратилган ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди.


Венгрия томонининг рақамли аудит ва ахборот технологияларидан фойдаланиш соҳасидаги тажрибаси ҳам учрашувнинг муҳим мавзуларидан бўлди.


Хусусан, 2026 йилда Будапешт шаҳрида EUROSAI Ахборот технологиялари бўйича ишчи гуруҳи йиғилишининг ўтказилгани ушбу йўналишга алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатиши таъкидланди.


Ўзбекистон Ҳисоб палатасининг рақамли давлат бошқаруви шароитида киберхавфсизлик, маълумотлар сифатини таъминлаш ва аудит жараёнларида сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича амалий тажрибаси билан ўзаро алмашинувни давом эттиришга келишиб олинди.


Учрашув якунида ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, 2027 йилда рискларни аниқлаш ва халқаро стандартлар бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш, шунингдек, Венгриянинг сунъий интеллект муҳити, сунъий интеллект сиёсати ва аудит билимлар базасини шакллантириш тажрибасини алоҳида модуль сифатида ўрганиш режалаштирилган.


Шунингдек, 2027 йил март ойида Будапешт шаҳрида сув ресурсларини самарали бошқариш мавзусида ўтказиладиган халқаро тадбирда Ўзбекистон Ҳисоб палатаси делегациясининг иштирок этиши ва мамлакатда сув ресурсларини бошқариш йўналишида амалга оширилаётган аудитлар натижалари асосида маъруза билан қатнашиши кўзда тутилмоқда. Тадбир якуни бўйича сув ресурсларини бошқариш аудитини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилади.


Будапештдаги учрашувда Томонлар давлат аудити соҳасида илғор тажрибаларни ўзаро ўрганиш, мутахассислар малакасини ошириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистон ва Венгрия олий аудит органлари ўртасидаги профессионал алоқаларни янада мустаҳкамлашини қайд этдилар.


img-0
img-1