Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

27.08.2026

Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан Ҳисоб палатаси ходимлари тақдирланди

Жорий йилнинг 27 август куни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасида мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ходимларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ҳисоб палатасининг бир гуруҳ ходимларига «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони тантанали равишда топширилди. Жами 56 нафар ходим ушбу юксак эътирофга сазовор бўлди.


Маросимда таъкидланганидек, мазкур юксак эътироф, аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ҳисоб палатаси жамоасига билдирилаётган юксак ишонч ва эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Давлат раҳбарининг қўллаб-қувватлови ва ташаббуслари натижасида Ҳисоб палатаси фаолиятини халқаро стандартларга мос равишда ташкил этиш, давлат молиявий назоратини замонавий ёндашувлар асосида такомиллаштириш ҳамда рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.


Хусусан, сўнгги йилларда Ҳисоб палатаси фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, институтнинг ваколатлари ва вазифалари кенгайтирилди. Бугунги кунда давлат молиявий назоратида рақамлаштириш, масофавий аудит, рискларни олдиндан аниқлаш, катта маълумотлар ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали назорат тадбирларининг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Тадбирда сўзга чиққан Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев тақдирланганларни Мустақилликнинг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этиб, эсдалик нишони ходимларнинг тизимдаги самарали меҳнати, ўз вазифаларига масъулият ва садоқат билан ёндашуви, давлат ва халқ манфаатларини устувор қўйиб фаолият юритаётганига берилган муносиб баҳо эканини таъкидлади.


Шунингдек, бугун Ҳисоб палатаси олдида давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш, давлат бошқарувида очиқлик ва ҳисобдорликни ошириш каби муҳим вазифалар тургани қайд этилди. Бу жараёнларда ҳар бир ходимнинг билим ва тажрибаси, касбий маҳорати, ташаббускорлиги ҳамда ўз ишига садоқати муҳим аҳамият касб этади.


М. Абдуллаев ўз нутқида тақдирланган 56 нафар ходимнинг ҳар бири Ҳисоб палатасининг ягона жамоаси сифатида эришилаётган натижаларга муносиб ҳисса қўшиб келаётганини алоҳида таъкидлади. Ҳар бир таҳлил, ўрганиш ва назорат тадбири ортида давлат маблағларидан оқилона фойдаланиш, бюджет манфаатларини ҳимоя қилиш ва халқ фаровонлигига хизмат қилишдек юксак мақсад мужассам экани қайд этилди.


Таъкидланганидек, юксак давлат эътирофи эришилган натижаларни муносиб давом эттириш, ўз устида янада кўпроқ ишлаш ва халқ ишончини оқлаш учун янги рағбатдир. Шу боис, тақдирланган ходимлардан келгусида ҳам юксак профессионализм, ҳалоллик, холислик, принципиаллик ва ташаббускорлик билан меҳнат қилиш, Ҳисоб палатаси олдида турган вазифаларни самарали амалга оширишда фаол иштирок этиш кутилмоқда.


Маросим якунида тақдирланган ходимларга мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик ва бахт-саодат, касбий фаолиятларида улкан муваффақиятлар, янги марра ва зафарлар тилаб, Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муборак бўлсин, деган эзгу тилаклар билдирилди.


Тантанали тадбир жамоада Ватанга садоқат, касбга фидойилик, ҳамжиҳатлик ва янги меҳнат ютуқларига интилиш руҳини янада мустаҳкамлади.


img